Эҳтиёткорлик осон иш, афсус ва пушаймон эса оғир юмуш

14.07.2021, 15:57

Эҳтиёткорлик осон иш, афсус ва пушаймон эса оғир юмуш

Мамлакатимизда пандемия муносабати билан жорий қилинган тартиб ва чекловларга тегишли ташкилотлар қарори асосида шу йил 28 июндан 12 июлга қадар амал қилувчи қўшимчалар киритилганди. Белгиланган муҳлат тугади. Шу туфайли “чекловлар узайтириладими, агар узайтирилса, қачонгача?”, “энди ўтган йилгидан ҳам қаттиқроқ, бошқачароқ тартиблар ўрнатиларкан” сингари саволлар, тахминлар, миш-мишлар пайдо бўлмоқда. Айрим блогерлар, журналистлар одамлар эътиборини жалб қилиш, рейтингини ошириш учун шу сингари оммабоп мавзуларга қўл урмоқда. Ҳавойи гап-сўзлар ўз йўлига. Лекин биз ҳар хил фаразлар, мулоҳазаларни муҳокама қилиш билан овора бўлиб қолмай, ўз саломатлигимизни асраш учун астойдил қайғуришимиз керак.  Тиббий ниқоб тақиш, шахсий гигиенага риоя қилиш, ижтимоий масофа сақлаш, имкон қадар гавжум жойларга бормаслик, вакцина қабул қилиш каби ишларни биз учун биров қилиб бермайди.  

Хусусан, эмланиш борасида ҳам турли-туман фикрлар билдирилмоқда. Айтайлик, ўз буйраги ё жигарининг қаерда жойлашганини билмайдиган айрим кишилар вакцина, эмланиш тўғрисида мушоҳада юритиши ғалати ҳолдир. Шунинг учун биз тажрибали, нуфузли мутахассислар тавсиялари, маслаҳатлари асосида иш тутишимиз керак. Коронавирусга қарши вакциналар дунёдаги энг ишончли, машҳур тиббий муассасалар, марказлар томонидан ишлаб чиқилиб,  ҳар томонлама синовлардан ўтказилган. Унинг самараси исботланмоқда. Жумладан, фуқаролари оммавий тарзда эмланаётган мамлакатларда касалланган сони тобора камаяётгани ҳам бор гап. 

Фикримизча, айниқса, талабаларнинг эмланишига алоҳида диққат қаратиш зарур. Чунки улар аудиторияларда жамланиб ўтирадилар, дарсдан ташқари вақтда эса тиниб-тинчимайдилар, кўп жойларга борадилар, кўп одамлар билан учрашадилар. Шу боис беистисно барча талабаларнинг эмланишига эришиш касаллик тарқалишининг олди олинишида катта аҳамиятга эга.              

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDePфракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    663
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+