Мақсад кимларнидир мажбурий эмлаш ёки жазолаш эмас, балки, аҳолини вакцина олишга бўлган масъулиятини оширишдир

15.07.2021, 10:14

Мақсад кимларнидир мажбурий эмлаш ёки жазолаш эмас, балки, аҳолини вакцина олишга бўлган масъулиятини оширишдир

Айни пайтда бутун дунёда, жумладан мамлакатимизда ҳам аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Аҳоли саломатлиги йўлида ҳукуматимиз ҳеч нарсани аямаяпти. Бу йўлда керагидан ортиқ маблағ сарфланмоқда. Мақсад вирусга қарши оммавий иммунитетни шакллантиришга эришиш. Шу мақсадда жойларда эмлаш ишлари бепул ташкил этилган.

Ўз соғлигига бефарқ бўлмаган аксарият юртдошларимиз, соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мутахассисларнинг тушунтиришларига ўз вақтида қулоқ солиб, ихтиёрий равишда вакцина олмоқдалар. Лекин беш қўл баробар эмас, албатта. Бу борада турли асоссиз хабарларга ишониб, вакцина олишни хоҳламаётган ёки бўлмаса уни кечиктириб келаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу эса касаллик юқиш хавфининг ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу каби омилларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасида олиб борилаётган исолоҳотлар, шу жумладан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасида касаллик тарқалишини олдини олиш бўйича зарур ва айни вақтда ниҳоятда долзарб ҳисобланган тавсиялар илгари сурилмоқда. Хусусан, 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ва гуруҳдаги аҳоли қатламини коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилмоқда.

 Жумаладан:

– аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектлари ходимлари;

– барча турдаги савдо (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим кечак, дорихона ва бошқалар) объектлари ходимлари;

– спорт мактаблари ҳамда спорт иншоотлари ходимлари;

– маданий ҳамда кўнгилочар объектлар ва дам олиш масканлари ходимлари;

– меҳмонхоналар, уй меҳмонхоналари (хостеллар), отеллар, ётоқхоналар ва кемпинглар ишчи-ходимлари;

– йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари;

– давлат ва нодавлат таълим муассасалари ходимлари;

– ҳарбий хизматчилар;

– умумий овқатланиш корхоналари, жумладан жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш нуқталари, чойхона, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;

– барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектлар ходимлари;

– коммунал хизмат соҳаси ходимлари;

– алоқа ва телекомуникация объектлари ходимлари;

– давлат ҳокимияти органлари ишчи-хизматчилари шулар жумласидандир.

Тўғри қарор лойиҳасида айрим бўшлиқлар мавжуд. Мисол учун унда маълум аҳоли қатламлари учун тавсия этилаётган “оммавий эмлаш” ушбу аҳоли вакилларига эмланиш мажбурийми ёки ихтиёрийми деган савол очиқ турибди. Қолаверса, бу ишни амалга ошириш механизмларига  тўла очиб берилмаган.

Лекин иш бор жойда камчилик бўлади. Ҳозирда депутатлар, соҳа мутахассислари билан биргаликда қарор лойиҳасидаги бу каби бўлиқларни аниқ нормалар билан тўлдириш бўйича иш олиб борилмоқда. Албатта қарор лойиҳаси маромига етказилиб кейин қабул қилинади.

Умуман олганда, ушбу қарордан кўзланган мақсад кимларнидир мажбурий эмлаш, ундан бош тортганларни жазолаш эмас, балки, аҳолини вакцина олишга бўлган масъулиятини ошириш ҳамда бу орқали ўзи ва атрофидагиларни соғлигига бефарқ бўлмасликка ундашдан иборатдир.

Шахноза Холмахматова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатси депутати,

O'zLiDeP фракция аъзоси

  • Кўрилди
    653
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+