10 мингдан ортиқ волонтёрлар O’zLiDeP сафига жалб қилинди

15.07.2021, 11:07

10 мингдан ортиқ волонтёрлар O’zLiDeP сафига жалб қилинди

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, O’zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси билан ҳамкорликда сайлов жараёнини сифатли ташкил этиш ва волонтёрлар билан самарали ишлаш масалаларига бағишланган сиёсий ўқувлар ташкил этди.

Онлайн шаклда ўтказилган мазкур ўқувлар орқали Президентлик сайловида партиямиздан кўрсатиладиган номзодни қўллаб-қувватлаш жараёнларида қатнашиш истагини билдираётган 10 мингдан ортиқ волонтёр, Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги ва волонтёрлар ассоциацияси аъзоларини сайлов кампаниясига тайёрлаш ҳамда уларнинг сайловга оид билим ва тажрибаларини ошириш кўзда тутилган.

Маърузачилар Янги Ўзбекистонда Президент сайлови янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янгича муҳитда ўтишини таъкидладилар. Бу йилги Президент сайлови мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

Тингловчиларга, шунингдек, O’zLiDePнинг асосий тадбирлар дастурида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ва фаоллигини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича вазифалар белгилангани тўғрисида маълумот берилди.

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини, O’zLiDeP аъзоларининг 50 фоизга яқинини ташкил этувчи ёшлар ва кўп минг сонли волонтёрларни сайлов жараёнларига кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш партиянинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролик жамияти, унинг институтлари фаол ривожланяпти. Аҳолининг ижтимоий фаоллиги ўсиб бормоқда. Одамларнинг жамиятда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, фуқаролик позицияси шаклланмоқда. Шулар қаторида волонтёрлик ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ва унинг ривожланганлик кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, волонтёрлар — юрт хизматига бел боғлаган ҳақиқий ватанпарварлардир. Мамлакатимизда хорижий давлатлардаги каби волонтёрлик турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишда кўп учрайди. Масалан, хайрия тадбирлари ва акциялар ўтказиляпти. Спорт мусобақалари, йирик ижтимоий-сиёсий оммавий тадбирлар, хусусан, сайловларни ташкил қилишда ҳам кўнгиллиларнинг фаол иштироки кузатиляпти.

Ўқув мобайнида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси биргаликда талай вазифаларни белгилаб олди. Жумладан:

- сиёсий жараёнларда, хусусан, сайлов жараёнларида кўнгилли ёрдамчи ёшлар – волонтёрлар хизматидан кенг фойдаланиш;

- ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш йўлида кўнгилли равишда иш бошлаган волонтёрлар хизматини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини кенгайтиришга кўмаклашиш;

- жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда бепул ва ихтиёрий равишда амалга ошириладиган ишлар кўламини кенгайтириш;

- кам таъминланганларга, кўп болалиларга, бошпанасизларга ёрдам кўрсатиш, беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, қарияларни парваришлаш, спорт, маданий ва бошқа тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда бошқа усулларда хайрия ишларини амалга ошириш;

- волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш, инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

- мамлакатдаги профессионал волонтёрлик ташкилотларини ва кўнгиллилар секторини жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айлантириш;

- мамлакатни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш масалаларига қаратилган чора-тадбирларга кўнгилли волонтёрларни жалб қилишни кенгайтириш;

- O’zLiDePнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларига кўнгиллиларни жалб қилиш тажрибасидан келиб чиқиб, “2021-2025 йилларга мўлжалланган волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастури” лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- бутун мамлакат бўйлаб волонтёрлар ташаббусларини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида фаол волонтёрлар орасидан тренерларни тайёрлаш;

- мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарасини оширишга қаратилган давлат-хусусий шериклигининг замонавий механизмларини жорий этиш;

- соҳага оид муаммо ва камчиликларни биргаликда аниқлаш ва уларни бартараф этишда бутун имконият ва салоҳиятини сафарбар қилиш каби масалалар ўрин олган.

O’zLiDeP вакиллари бўлажак сайлов жараёнида фаол ёшлар ва волонтёрлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.

O’zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    758
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+