Депутатлар кўмагида 100 нафарга яқин фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

15.07.2021, 16:02

Депутатлар кўмагида 100 нафарга яқин фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

Инсон ҳаёти, саломатлиги ҳамма нарсадан азиз. Шу боис ҳам янгиланаётган Ўзбекистонимизда  давлат қудрати ва бойлигини белгиловчи муҳим омиллардан бири - соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш, мамлакатимизда рақобатбардош фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, даволаш муассасаларини юқори технологик тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётир.  

O’zLiDeP Қарши туман кенгаши ва Халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши депутати Дилфуза Жўраева ҳамкорлигида 52-қишлоқ оилавий поликлиникасида “Сиз доимо эътиборимиздасиз!” деб номланган тадбир ташкил этилди.  Тадбирда Қовчин, Янги ҳаёт, Омонтепа маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилувчи “Аёллар” ва “Ёшлар дафтари”га  киритилган 100 нафарга яқин фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан сўнг анжуман иштирокчилари саломатлиги оғирлашиб, уйда ўтириб қолган, ёлғиз она ва кексаларнинг ҳолларидан хабар олиш учун йўлга тушдилар. Қовчин қишлоғида яшовчи Шарофат Хушназарова, омонтепалик меҳнат фахрийси   Қурбон Жумаев кўрсатилган эътибор учун кўпдан-кўп дуо қилишди.

-Кўп йиллардан буён ўзимни нохуш ҳис қилиб юрсам-да, поликлиникага бориб тиббий кўрикдан ўтишга имкон топа олмаётган эдим,-дейди “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи Ойша Қаршиева. – Бугун O’zLiDeP депутатлари ва фаоллари ҳамкорлигида бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар келиб, тиббий аппаратларини уйимга ўрнатиб, мени саломатлигимни текшириб кўришди.  Бир нечта касалликларни аниқлаб, даволанишим учун шифохонага йўлланма қилиб беришди. Энди мен ўзимни жамиятга керакли эканлигимни ҳис этдим.  Яшашга бўлган иштиёқим ошди, тиббий кўрикдан сўнг кайфиятим кўтарилди. Саратоннинг қоқ ўртасида осмондан қуёш олов пуркаб турган оғир пайтда мени йўқлаб, дардимга дармон бўлганликлари   партия депутатларидан миннатдорман. 

-Ҳар бир юртнинг куч қудрати ва келажаги халқнинг жисмоний ва маънавий соғломлиги билан чамбарчас боғлиқ, - дейди депутат Дилфуза Жўраева. - Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширила бошлаган кенг қамровли ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, миллат саломатлигини тубдан яхшилаш, соғлом авлодни дунёга келтириш, ҳар бир фуқарони эътибордан четда қолдирмаслик борасида муҳим аҳамият касб этди. Инсон умрининг мазмуни, бахту қувончлари, ташвишу ғамларини мужассам этгувчи энг катта бойлик - эл саломатлигини мустаҳкамлаш  борасида кейинги беш йилда амалга оширилган ишлар мамлакатимизда тиббиёт соҳасида ҳам янгиланиш эпкинлари эса бошлаганлигидан далолат қилди. Куни кеча шифоатхонамизга Осиё тараққиёт банки ҳисобидан Япония давлатидан келитирилган 400 миллион сўмлик янги рақамли ультра товуш аппарати, 125 миллион сўмлик ЭКГ аппарати ўрнатилди.  Тадбир давомида ўндан ортиқ хонадонларда бўлиб, қаровга муҳтож кекса отахон ва онахонлар, ногиронларни тиббий кўкдан ўтказдик, ўксик кўнгилларига дармон бўлиб, дори-дармонлар улашдик. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу O’zLiDeP  Қарши туман кенгаши ва депутатлари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирларнинг биринчи эмас. Ўтган йиллар мобайнида 600 га яқин кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган, уйда ёлғиз яшаётган фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаниш учун ташҳис қўйиб берилган.   

         Феруза МУСТАЕВА,

O’zLiDeP  Қарши туман

 кенгаши консультанти

  • Кўрилди
    807
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+