Эътиборсизлик ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остига қўйиши мумкин

16.07.2021, 09:13

Эътиборсизлик ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остига қўйиши мумкин

Соғлик ҳаммамиз учун энг катта бойлик ҳисобланади. Инсон фақат соғ бўлгандагина бахт таъмини тўлиқ татиши мумкин. Шу боис, ҳар биримиз ўз соғлиғимизни асрашимиз, атрофдагилар саломатлигига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Чунки кейинги пайтда кўча-куйда, ижтимоий тармоқларда вакцинация жараёни билан боғлиқ турли хабарлар кенг урчиди. Бу хабарлар одамларни ваҳимага солиб, аҳолида турли қўрқув ва ваҳима уйғотмоқда. Натижада фуқароларимиз бу каби шов-шувларга ишониб, вакцина олишдан воз кечяпти.

Боз устига, карантин қоидалари ва чекловларини қўпол равишда бузяпти. Бу эса коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалиши ва эпидемиологик вазият янада оғирлашишига олиб келмоқда. Энг ёмони, касалликнинг янги штаммлари тез юқяпти.

Аксарият ҳамюртларимиз ўз хоҳишига кўра оммавий равишда вакцина оляпти. Ҳозирда мамлакатимизда 1 миллион 634 минг одам эмланган ва бу жараён изчил давом этмоқда. Бугунги кунда захирада 2 миллион 128 минг дона доза бор. Жорий йилнинг 21-22 июль кунлари 2 миллион ва шу ойнинг охирида яна шунча вакцина олиб келинади.

Шунингдек, август ойида ҳам 2 миллион дона вакцина олиб келиш бўйича шартнома имзоланган. Бу давлатимизнинг барча фуқароларимиз соғлиғи ҳақида қанчалик қайғураётганининг амалдаги ифодасидир. Бундай пайтда биз мазкур ғамхўрликни онгли равишда англашимиз жуда муҳимдир.

Касаллик ортгани сайин одамлар вакцинанинг фойдасини тушуниб етмоқда. Бу офатга ҳамма бирдек оммавий эмлансагина уни енгиб ўтиш мумкинлигини англаб етяпти. Зеро, биргина эътиборсизлик, лоқайдлик, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остига қўйиши, касалликни янада кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш ва вакцинация жараёнларини тезкор, тўғри ташкил этишнинг ягона йўлларидан бири – бу жойлардаги эмлаш пунктларининг иш фаолиятини мутлақо қайта кўриб чиқишдир.

  

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    224
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+