Марказий ва Жанубий Осиё минтақасини иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш асосий вазифамиздир

16.07.2021, 17:11

Марказий ва Жанубий Осиё минтақасини иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш асосий вазифамиздир

Тошкентда иш бошлаган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда икки минтақани иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш асосий вазифа қилиб белгиланар экан, бу улкан жараённи амалга ошириш учун бир томондан, зиддият ва ижтимоий-иқтисодий ларзалардан холи бўлган минтақалараро ҳамкорлик ва шериклик майдонини, иккинчи томондан, маҳсулотлар, хизматлар, инвестиция ва инновацияларнинг кенг бозори шаклланиши учун зарур шароитлар яратиш лозимлиги белгиланди.

Мазкур халқаро конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилгандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро конференцияда нутқ сўзлар экан, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё узоқ асрлар давомида халқлар ва цивилизациялар ўртасида фаол мулоқотга хизмат қилганини мамнуният билан изҳор этди. Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия ва меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, юксак маданий ва маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилгани бугунги ютуқларимизнинг асосини ташкил этишини айтиб ўтди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари билан яқин алоқалар ва ўзхаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилаётганидан иккала минтақадаги барча давлатлар ва халқлар манфаатдордир. Мана биргина Ўзбекистонни оладиган бўлсак, у билан шерик ва ҳамкор мамлакатлар сафи қанча кенгайса, шунча яхши. Ахир нафақат савдо, саноат, тўқимачилик ёки инвестициялар бўйича ўзаро ҳамкорлик ривожланади, балки маданий-гуманитар алоқалар, маънавий-маърифий ҳамкорликлар, халқларимиз ўртасидаги дўстлитк ҳамда қардошлик, борди-келди, маданиятилар алмашинуви каби ришталаримиз янада мустаҳкам асосга эга бўлади. 

Президжентимизнинг халқаро конференцияда сўзлаган нутқини тинглаган бўлсангиз, унда Марказий ва Жанубий Осиё азалдан ишончли савдо йўллари билан боғланиб, Яқин Шарқ, Европа ва Хитой мамлакатлари учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтаганини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда қадимги юнон тарихчиси Страбон ҳам ўз асарларида Окс дарёси – ҳозирги Амударё бўйлаб “Каспий ва Қора денгиз орқали Европага маҳсулотлар етказилган”ини қайд этган. Эрамиздан аввалги учинчи-иккинчи минг йилликлардаёқ Ҳайбар ва Болан довонлари орқали ўтган савдо йўллари тармоғи бизларни ўзаро боғлаб турган.

Бугунги конференциянинг тарихий аҳамияти шундаки, ана шу азалий савдо йўлларимиз, савдо йўллари орқали маданий алоқаларимизни тиклашимиз, янгича мазмунда ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз халқаро конференцияда нутқ сўзлар экан, ўзининг бир қатор таклифларини ҳам илгари сурди. Хусусан, биргаликда қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш мақсадида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратишни таклиф этди ва бу таклиф минтақалар вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон дунёга, дунё эса Ўзбекистонга яқинлашмоқда, қўл чўзмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар давлатимиз равнақи ва халқларимизнинг фаровонлиги йўлида муҳим қадам бўлади. Зеро, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик ҳар доим ҳам муваффақиятлар гарови бўлиб келган.

  Дилбар УСМОНОВА,

  Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    777
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+