Рақамли технологиялар келажак демакдир

16.07.2021, 17:13

Рақамли технологиялар  келажак  демакдир

Яқин-яқингача, айтайлик, олисроқ жойда яшайдиган бирор кишига шошилинч пул юбориш ўзига яраша бир муаммо эди. Уни  ҳал қилиш учун пул жўнатувчидан муайян ташкилотчилик қобилияти ҳам  талаб қилинарди. Юборувчи ҳам, олувчи ҳам қаерларгадир бориб, кутиб, вақт, пул харажат қилиб,  овора бўларди. Устига устак,  фирибгарлик ёки бошқа кутилмаган ҳодисалар сабабли пулнинг йўқолиши эҳтимоли ҳам катта эди. Электрон хизматлар, рақамли технологияларнинг ривожланиши бу жараённи бениҳоя осонлаштирди, тезлаштирди. Эндиликда қарийб барча соҳаларда илгари сарсонгарчилик, асаббузарлик, ортиқча вақт, маблағ сарфланиши билан битган (ё битмаган) ишлар ўтмишга айланмоқда. Юртдошларимиз, хусусан, тадбиркорларнинг ҳам мушкули осон, оғири енгил бўлмоқда.

Президентимиз шу йилнинг 13 июль куни рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.      

Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда ахборот технологиялари изчил ривожлантирилиб, аҳолига қулайликлар кенгайтирилмоқда. Муҳими, бу ишлар сансалорлик, бюрократия ва коррупцияни камайтириб, вақт ва маблағларни тежаш, унумдорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Лекин бу соҳада ривожланишдан ортда қолаётган тармоқ ва ҳудудлар ҳам бор. Рақамлаштириш рейтинги 65 та ташкилот, 116 та туман ва шаҳарда ишлар суст ташкил этилганини кўрсатмоқда.

Тақдимотда давлатимиз раҳбари лойиҳаларни жадаллаштириш, ҳудудларда электрон хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

– Охирги йилларда қилинган ишлар, албатта, ўз натижасини берди, хизматлар қулай ва одамларга яқин бўлди. Лекин рақамли технологиялар кун сайин ўзгариб, янги-янги имкониятлар очилмоқда. Шунинг учун ҳар бир вазирлик, давлат органи ва ҳудудларда янги дастурларни жорий этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Рақамли технологияларни изчил жорий этиб борган давлатлар тараққиётга, фаровонликка эришади, аксинча бўлса, қолоқлик, қашшоқликка маҳкум. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратаётгани  ғоят ибратлидир.

 Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    767
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+