Янги даврга қўйилган аниқ ва дадил қадам

17.07.2021, 11:40

Янги даврга қўйилган аниқ ва дадил қадам

Марказий ва Жанубий Осиё азалдан иқтисодий, ижтимоий ва маданий-цивилизацион жиҳатдан бир-бирига чамбарчас боғлиқ минтақалар ҳисобланади. Шу сабабли, сўнгги тўрт йилда биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижасида икки минтақа ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб бормоқда. 

Эътиборга молик жиҳати, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланиш йўлида илдам қадам ташламоқда. Тинчлик, яхши қўшничилик ва ишончнинг мустаҳкамланиши, ҳамкорликнинг ривожланиши эса икки минтақа давлатларининг манфаатига тўғри келади.

Пойтахтимизда икки кун давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро анжуманнинг ўтказилиши икки минтақа ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш учун қулай имконият бўлди. 

Давлат раҳбарлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молия институтлари ва компаниялари, етакчи илмий тадқиқот ва таҳлил марказлари вакиллари тўпланган мазкур тадбир доирасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида икки минтақа халқлари манфааатлари йўлида тарихан яқин ва дўстона алоқалар, ишончли ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.  

Форум иштирокчилари минтақавий ўзаро боғлиқликни янада чуқурлаштириш доирасида савдо иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўткир ва долзарб ташаббусларни илгари сурди. Икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш масалалари эътибор марказида бўлди. 

O'zLiDeP ўз амалий саъй-харакатларида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўта муҳим бўлган вазифа — Марказий Осиёни барқарорлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш вазифасини амалга оширишга кўмаклашиш учун  партиявий, парламент ва халқона дипломатиянинг барча имкониятларни ишга солишга интилмоқда.  

Биз электоратимизнинг туб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан тинчликпарвар, очиқ ва оқилона сиёсат доирасида самарали ҳамкорликни давом эттиришни муҳим, деб ҳисоблаймиз.    

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан Тошкент шаҳрида юқори даражадаги халқаро анжуманнинг ўтказилиши ана шундай сиёсатнинг намунаси бўлди.  

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари, 44 мамлакат, 30 халқаро ташкилотлар делегациялари, нуфузли илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари вакиллари тўпланган мазкур тадбир доирасида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида икки минтақа халқлари манфаатлари йўлида тарихан яқин ва дўстона алоқалар, ишончли ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.  

Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг тарихан яқинлиги, уни ўзаро ишонч ва манфаатларни эътиборга олиш асосида мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлагани ушбу анжуманнинг асосий мавзуси бўлди. Ишонамизки, мазкур ташаббуснинг кенг кўламли характери анжуман якунлари бўйича БМТнинг Бош Ассамблеяси муҳокамасига қўйилиши кўзда тутилаётган резолюциянинг махсус лойиҳаси тайёрланишида акс этади.   

Чунончи, глобал геосиёсий трансформацияларнинг янги имкониятлари юзага келган шароитларда ҳудудида 2 миллиардга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий алоқалари тикланиши ва интилишларини бирлаштиришни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб, бу ўта кучли синергетик самара бериши шубҳасиз.  

Ушбу йўналишда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки минтақа мамлакатларининг  кооперация ва инвестицион ўзаро ҳаракатларини кенгайтиришнинг устувор аҳамиятини кўрсатиб ўтамиз. Бу транспорт-логистика инфратузилмасини яратишга ҳам тааллуқли бўлиб, у Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини хавфсиз равишда бир-бирига боғлайди.  

Афғонистонда тўлақонли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш, унинг тинчликпарвар иқтисодиётини тиклаш, тинч тараққиётнинг афзалликларини намойиш қилиш асосида афғон инқирозини сиёсий-дипломатик ҳал қилишнинг муҳимлигини фаол илгари суриш масаласини яна бир муҳим вазифа сифатида ажратиб кўрсатамиз. Шу ўринда Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонни барқарорлаштириш бўйича айтган фикрларини келтириш мақсадга мувофиқ: “беқарорлик ва парокандаликдан тинчлик ва бунёдкорлик сари”.     

Фикримизча, Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг мазкур тамойилини амалга оширишга бу мамлакатни Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи савдо муомаласига, шу жумладан, “Термиз-Карго” халқаро логистика маркази мисоли асосида чегараолди савдосини янада фаоллаштиришга тўлиқ жалб қилиш бўйича эволюцион жараён кўмаклашиши мумкин. 

Яна бир муҳим йўналиш - бу афғон ҳудудидаги транзит салоҳиятдан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни тиклаш доирасида транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Мазкур ҳолат Афғонистонда янги ишчи ўринлари ва аҳоли учун янги даромад манбаларини яратиб, мамлакатдаги тинч ҳаёт сифатини оширади.  

O'zLiDePнинг депутатлик корпуси Тошкентда янги тўрт томонлама дипломатик платформанинг яратилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинишини маъқуллаганлигини алоҳида таъкидлаш лозимки, айни ҳолат Афғонистон ва минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишининг дебочаси бўлади. Бу, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши минтақадаги ўзаро боғлиқлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки тинчлик ва минтақавий алоқалар мамлакатларнинг ўзаро кучайишига олиб келади.  

Айнан Тошкент шаҳри, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” анжумани кейинги самарали халқаро савдо йўналишлари, ҳамкорликни ривожлантириш ва савдони кенгайтириш, транзит йўлакларни яратиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун тарихий имконият ва маслаҳатлар майдончасини тақдим этган жой бўлганлигини таъкидлаш жоиз.  

Хулоса ўрнида айтганда, O'zLiDeP юқори даражадаги мазкур халқаро анжуманни давлатлар ва халқларнинг умумий манфаатлари минтақаларнинг муваффақиятли келажагини яратишнинг мустаҳкам пойдевори сифатида ифодаланувчи Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий-маданий ва цивилизацион бирлигини тиклаш, янги даврга томон қўйилган аниқ ва дадил қадам, деб ҳисоблайди. Буларнинг барчаси келгусида Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган ва гуллаб яшнаган ҳудудга айлантиради.  

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    638
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+