Карантин қоидаларига риоя қилиш — коронавирусни енгишнинг энг самарали усули

17.07.2021, 16:29

Карантин қоидаларига риоя қилиш — коронавирусни енгишнинг энг самарали усули

Сўнгги кунларда юртимизда коронавирусга чалинган беморлар сони кўпаймоқда. Бунга сабаб айрим фуқаролар карантин қоидаларини унутиб, хотиржамликка берилиб, ўзи билганча иш тутмоқда. Яъни, баъзи бир одамлар ниқобни даҳанига, жоиз бўлса билагига хўжакўрсинга тақиб юрибди. Гўёки, кимдир ниқобинг қани деса, мана деб жавоб бериш учун. Бу қабилда иш кўрадиган бўлсак, коронавирус деган балони енголмаймиз. Барчамиз ҳамжиҳатликда карантин қоидаларига риоя қилсак, унга қарши эмлансак, касаллик, албатта, чекина бошлайди.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг депутатларга берган ахборотларида ҳам дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият тобора кескинлашиб бораётгани, унинг янги штаммлари аниқланаётгани ҳақида сўз борди. Соҳа мутахассисларининг фикрича, эмлаш эпидемияга олиб келувчи ҳар қандай юқумли касалликларнинг энг самарали профилактикасидир.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда мамлакатимизда эмлаш ишларини амалга ошириш учун 3 138 та эмлаш пункти ва 862 та ҳаракатдаги бригада ташкил этилган. Эмлаш жараёнида қатнашадиган 4 356 нафар шифокор ҳамда 11 539 нафар ўрта тиббиёт ходимининг тайёргарлиги оширилган.

Бироқ коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемилогик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида биринчи навбатдаги хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини босқичма-босқич эмлаш тадбирларининг амалга оширилиши талаб даражасида эмас. Хусусан, ўтган 3 ой давомида 65 ёшдан катта аҳоли қатламининг атиги 42,8 фоизи, сурункали касалликлари бўлган аҳоли қатламининг 67,7 фоизи, мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг 77,4 фоизи ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг 68,7 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланганлиги бунга яққол мисолидир.

Шу билан бирга эмланганларнинг барчасини ҳам тўлиқ дозаларда эмланган деб бўлмайди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун соҳада олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш лозим. 

Яна бир муҳим масала. Ўз соғлигига бефарқ бўлмаган аксарият юртдошларимиз мутахассислар берган тавсиялар асосида ихтиёрий равишда вакцина олмоқдалар. Лекин айрим фуқаролар бу борада турли асоссиз хабарларга ишониб, вакцина олишни хоҳламаётган ёки бўлмаса уни кечиктириб келаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу эса, нафақат касаллик юқиш хавфининг ошишига балки, жамиятдаги барқарор вазиятнинг издан чиқишига олиб келади.

Шу боис, юртимизда белгиланган карантин қоидаларига амал қилсак, вакцина олишда ўрнак бўлсак, албатта коронавирусни енгамиз.

 

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    776
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-07-19 10:53:56

Хакикатдин хам карантин койдаларига риоя килишни кучайттиришимиз керак. Хар бир инсон уз соглиги учун, якинлари соглиги учун ва албатта жамиятимиз мустахкамлиги учун узини жавобгар хис килиши лозим


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+