Интеллектуал мулк муҳофазаси тизимга қатъий чоралар зарур

17.07.2021, 16:31

Интеллектуал мулк муҳофазаси тизимга қатъий чоралар зарур

Бугунги технологик тараққиётда интеллектуал мулк ҳар бир давлат иқтисодиёти ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада мустаҳкам ҳимоя тизимининг мавжудлиги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш, иқтисодиёт, инновациялар, маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш, фан-техника ютуқларини амалиётга самарали татбиқ этиш, пировардида мамлакатнинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Унда “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги ва “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари йиғилишларида кўриб чиқилди. Мазкур масалаларнинг долзарблиги, аҳамияти ҳақида сўз борар экан, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, ана шундай мулк объектларидан фойдаланувчи барча шахсларда масъулият ҳиссини кучайтириш, ундан фойда келишини ҳақиқий маънода таъминлашга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.

Хўш, биз кўп эшитадиган, аммо аксарият ҳолларда амал қилмайдиган интеллектуал мулк ҳуқуқи ўзи нима? Нима сабабдан интеллектуал мулк муҳофазаси ва ривожига эътибор бу қадар кучаймоқда?

Уни оддийгина қилиб, инсон томонидан яратиладиган ижодий-ақлий фаолият маҳсули, деб таърифлаш мумкин. Интеллектуал мулк иқтисодиёт тараққиётининг таркибий қисмларидан бири ҳамдир. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари иқтисодиётида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар катта даромад келтирувчи соҳага айланиб улгурган. Масалан, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти маълумотларига кўра, машҳур кино қаҳрамонлари ва ўқув-илмий нашрлардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш натижасида тегишли давлатлар миллиардлаб доллар даромад кўрмоқда.

Шу боис, ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида интеллектуал мулк ривожига катта эътибор қаратилгани ҳолда, уларнинг инвестициявий жозибадорлиги яхшиланган, унинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши кескин ортиб бормоқда. Мисол учун, интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда эса 7 фоизни ташкил этади. Халқаро тажрибалар таҳлилидан кўринадики, бугунги тараққий этган аксарият давлатлар иқтисодиёти юқори ўсишининг асосий омилларидан бири айнан интеллектуал мулк ва унинг мустаҳкам ҳуқуқий ҳимояси таъминланганидир.

Мамлакатимизда изчил иқтисодий фаолликнинг ошиб бориши билан интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар кўриляпти. Жумладан, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимида самарадорликни таъминлаш, идоралараро ишончли ва тезкор ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

2019 йилдан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгач, бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни веб-сайтга жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилди. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари мурожаатига мувофиқ, ҳимоя жараёни 2020 йилдан бошлаб янада фаоллаштирилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда маҳаллий ва хорижий талабнома топширувчилардан рўйхатдан ўтказиш учун 1 088 та ихтиро, фойдали модел ва саноат намунаси ҳамда 4 123 та товар белгиси учун талабнома қабул қилинган бўлиб, улардан 493 та ихтиро, фойдали модел ва саноат намунаси, 1 459 та товар белгиси рўйхатдан ўтказилди. Бу юртимизда товар белгиларига эга бўлиш талабининг ошиш тенденцияси кузатилаётганидан далолатдир.

Ҳуқуқбузарликлар, афсуски, давом

этмоқда

Бироқ бугунги кунда қонунчиликда интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик, номулкий ҳуқуқларга дахл қилганлик учун жавобгарликнинг қатъийлаштирилмагани, маъмурий ва жиноий қонунчиликда умумий уйғунликнинг йўқлиги, белгиланган маъмурий жазони, айнан жаримани юридик шахснинг раҳбари мансабдор шахс сифатида тўлаб, бу каби ҳуқуқбузарликларни такрор давом эттираётганлик ҳолатлари учрамоқда.

Натижада интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш ва уларни ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича ҳуқуқ эгаларидан асосли мурожаатлар билдириляпти. Биргина 2020 йил давомида судларда интеллектуал мулк объектларига оид 241 та иш кўрилган бўлса, уларнинг 90 фоизи айнан товар белгиларига тааллуқли экани қайд этилди. Шу йили Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши томонидан интеллектуал мулкка оид 34 та иш кўрилди. Соҳадаги ислоҳотлар, ўз навбатида, мавжуд қонунчиликни жаҳон тажрибаси ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш, айниқса, иқтисодиётни инновациялаштириш интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлашни тақозо этади.

Юқоридаги қонун лойиҳасида эса ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унда, шунингдек, интеллектуал мулк объектларига оид қонун бузилиши ҳолатларини содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан қўлланиладиган молиявий санкциялар ва уларнинг қўлланилиш механизми, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликда мавжуд чекловларнинг бекор бўлиши ўз ифодасини топган.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, товар белгисини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни муайян муддатни (8 ой) талаб қилишини инобатга оладиган бўлсак, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказмасдан ёки тадбиркорлик фаолиятини амалда бошламасдан олдин товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)ни рўйхатга олиш юзасидан талабнома топшириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу эса келгусида ўзганинг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси)ни ноқонуний ишлатиш каби низоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасига интеллектуал мулк соҳасидаги айрим ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари, хусусан, ихтиро, фойдали модел ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш ҳамда ўзганинг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун тегишли юридик шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаридан 200 баробаригача миқдорда молиявий санкция (жарима) қўлланилиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.

Ўзганинг “номи”дан фойдаланиш

қонунга хилоф!

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда фирма номларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ низолар сони борган сари кўпаймоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган санкциялар миқдорининг камлиги, қонунчиликда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларининг мавжуд эмаслиги эса ҳуқуқбузарлик кўламининг ортиб боришига сабаб бўляпти.

Амалиётда айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа юридик шахсларнинг кенг жамоатчиликка машҳур бўлган фирма номидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз ўзининг фирма номларида фойдаланиши натижасида юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишига, истеъмолчиларда ушбу субъектлар томонидан ўзгаларнинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган контрафакт маҳсулотлар сабаб фирма номининг асл эгалари ҳақида янглиш тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Хусусан, “Knauf Gips KG”, “Marmaks”, “The Coca-Cola Company” сингари номлар мамлакатда қонунга хилоф равишда энг кўп фойдаланиладиган фирма номлари сирасига киради.

Контрафакт озиқ-овқат, кийим-кечак, гигиена ва парфюмерия ҳамда бошқа хўжалик маҳсулотлари бўйича Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ишлаб чиқилган каталогдаги 300 дан ортиқ маҳсулотни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни, яъни товар белгисига оид мутлақ ҳуқуқнинг бузилаётганини кўришимиз мумкин.

Юридик шахслар томонидан ўзганинг мулки бўлган интеллектуал мулк объектларидан ҳуқуқ эгасидан рухсат олмаган ҳолда фойдаланилиши ушбу ташкилотларнинг фаолиятига бевосита тегишлидир. Айнан мазкур фаолият катта даромад кўришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам мутаносиб равишда бўлиши мақсадга мувофиқ.

Шу нуқтаи назардан, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юридик шахсларнинг корпоратив жавобгарлиги бўйича нормаларнинг киритилиши ҳамда интеллектуал мулк соҳаси ўсишига катта йўл очади. Интеллектуал мулк объектларига эга бўлиш ривожланиш йўлига қадам қўйган миллий компаниялар учун ўзига хос нуфузни ва эътирофни англатади. Бу борадаги қонунчиликни қатъийлаштириш мамлакатга ўз товар белгиси ёки саноат намунаси билан кириш истагида бўлган чет эллик инвесторлар учун яхши маънода “қўнғироқ” бўлади.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    554
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+