Экинларни ҳимоялаш тизимида туб бурилиш қилувчи фармон

19.07.2021, 11:39

Экинларни ҳимоялаш тизимида туб бурилиш қилувчи фармон

Янги Ўзбекистонда барча соҳалар жадал ва тизимли равишда ислоҳ этиляпти. Бошқача айтганда, мамлакатимиз тубдан модернизация  қилинмоқда. Давлатимиз, ҳукуматимиз ҳар бир тармоқ, йўналиш такомиллашувига, фаолияти самарадорлиги ортишига жуда катта аҳамият  беряпти.  Зеро, барча соҳалар бир-бири билан у ёки бу даражада боғлиқ бўлиб, бир тармоқнинг ривожланиши бошқаларининг ҳам тараққиётига туртки беради ва аксинча.

Шу йил 15 июль куни Президентимизнинг “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилиниши соҳада туб бурилиш юз беришини англатади.  

Қайд этиш зарурки, юртимизда ўсимликларни ҳимоялаш, дарахтлар, экинлар касалликларига, зараркунандаларига қарши кураш тизимининг оқсаб қолаётгани, бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани кўзга ташланиб қолаётганди.  Бу эса аграр соҳа ҳамда алоқадор тармоқлар ривожига салбий таъсир кўрсатаётганди.

Масалан, мен O'zLiDeP фаолларидан бири бўлганим туфайли фермерлар дуч келаётган муаммолар муҳокама қилинган тадбирларда ҳам кўп қатнашганман. Ер эгалари бошқа масалалар қатори ўсимликларни муҳофазалаш борасидаги жуда кўп камчиликларни ҳам тилга олардилар. Улар орасида тегишли ташкилотлар томонидан ўказилаётган профилактика  чораларининг самарасизлиги, кимёвий воситаларнинг қимматлиги, кимёвий ишловнинг вақтида бажарилмаслиги, тегишли ташкилотлар ходимлари билим-савияси етарли эмаслиги, фермерларнинг айрим дорилар харид қилинишига мажбурланиши кабилар бор. Мухтасар айтганда, қишлоқ мулкдорлари тизимдаги тузилмалар фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаётгандилар. Президентимиз фармони ана шу сингари қусурларга барҳам беришга қаратилган.    Унда кўплаб чора-тадбирлар кўзда тутилган. Хусусан, фармонга биноан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ташкил этилмоқда. Унинг зиммасига, жумладан, қуйидаги вазифалар ҳам юклатиляпти: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар фавқулодда вазиятларда зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда ҳосилни сақлаб қолишни таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.  Бундан ташқари, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги ва “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар нормаларини қайта кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли қонун лойиҳасини тақдим этади. Шунингдек, хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ходимларини сертификатлаш билан шуғулланади.

Фармонга мувофиқ ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу йўналишда зарур ишлов бериш техникалари, агрометеостанциялар, биолаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар харид қилинишда давлат томонидан 2024 йил 31 декабрга қадар қўллаб-қувватлашнинг  тартиби жорий қилинаётгани ҳам деҳқонлар, фермерлар, демакки, бутун халқимиз учун айни муддаодир.

Албатта, нафақат ер эгалари, балки барча юртдошларимиз фармонни   мамнуният билан қабул қилдилар. Зеро, ушбу ҳужжат юртимизда маъмурчилик, мўл-кўлчилик таъминланишида алоҳида аҳамият касб этади. Ўз навбатида, биз – партия фаоллари фармон мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича сидқидилдан иш олиб борамиз.  

Шозафар Шоаҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси ҳузуридаги

“Ёшлар парламенти” аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    908
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-07-23 08:17:18

Президентимизнинг барча сохаларга алохида эътибор каратиши ва каъбул килинаетган карорлар ва фармойишлари мазмуни ва мохиятига келсак албатта ахоли турмуш турзини янада мустахкамлашга каратилганлиги курамиз. “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилиниши хам шу соҳада туб бурилишларнинг юз беришидан далолат.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+