“Биз янги Ўзбекистонга тоза юрак, уйғоқ қалб ва покиза виждон билан кириб боришимиз лозим”

23.07.2021, 16:18

“Биз янги Ўзбекистонга тоза юрак, уйғоқ қалб ва покиза виждон билан кириб боришимиз лозим”

Касбида ёш фермер, O'zLiDeP фаоли Акмалжон Оромовни Янги Ўзбекистон боласи  дейишади. Бир гал туманга борганимда кексалардан сўрадим: бугунги ёш авлоднинг ҳар бири Янги Ўзбекистон болалари эмасми?

- Гапингиз тўғри-ку-я,- дейди зарқўноқлик Олим бобо, - аммо Акмалжон қатъиятли, тўғрисўз, ҳалол, унинг устига элни,юртни ўйлайдиган, элга наф келтирмоқни шараф деб биладиган ёшлардан. Шунинг учун ҳам унга шу номни лозим кўрганмиз.

-Пахта, ғалла экиб, мўл даромад олаётган фермерлар жуда кўп, - дея гапга қўшилади Раҳмон бобо. –Лекин 35 нафар ишчи-ходимнинг ҳар бирига телевизор, музлаткич, конденционер ва бошқа рўзғор ашёлари олиб берган фермер камдан-кам топилса керак. Мен баъзан босар-тусарини билмай қолган фермерларга “қадамингни ўйлаб бос, ана Янги Ўзбекистон боласидан ибрат олсанг бўлмайдими”  дейман. Унинг жиғибийрони чиққанда шундай номга сен ҳам сазавор бўлишинг мумкин, бунинг учун сенинг виждонинг тоза бўлиши керак, топадиган луқманг ҳалол бўлиши лозим дейман. Акмалжоннинг бобоси  Ором  бобо Орипов ҳам жуда бамаъни одам эди. кимнинг нони йўқ, кимнинг оши йўқ бўлса, ўшанга илинарди, топганини эл билан баҳам кўрарди, деган гапни ҳақиқий соҳиби шу отахон эди. Акмалжон ҳам бобосига тортган. Одамлар юзида қувонч кўрса, унинг кайфияти аъло даражада бўлади.

Ҳа, отахонлар айтганидек, Акмалжон Оромовнинг инновацион технологиялар жону дили. Янгиликка жуда ўч. Давр шуни тақазо этаяпти дейди. Биз ёшлар қараб турмаслигимиз керак дейди. Пулидан, маблағидан ҳайиқмаслигимиз керак, дейди. Шундай ҳам қилди. Туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда  20 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатди. 388 млн сўмга тушган бу лойиҳага давлат томонидан ҳар гектар ерга 11 млн сўмдан субсидея ажратилгани эса фермернинг дилидаги иш бўлди.

Акмалжон яна бир янгиликка қўл урди. “Касби сара уруғ” кластери очиб, унга ўтган йили 45 та, жорий йилда яна 100 та фермер хўжалигини аъзоликка қабул қилиб, ғалла ва пахта уруғи етиштиришга киришди.Ўтган йилги натижалар  салмоқли бўлди, барча меъёрлар талабига мос тарзда уруғлик ғалла етиштирилиб, омборларга топширилди.

-Эндиликда томчилатиб суғоришни уруғчиликка жорий этишни мўлжаллаяпман,- дейди Акмалжон Оромов. –Агар шу бу лойиҳани ҳам муваффақиятли амалга оширсак, Касби туманида сув танқислигини олдини олишга катта ҳисса қўшган бўламиз.

Акмалжон Оромовни  эл назарига тушиш, одамлар юрагидан чуқур жой эгаллашнинг сири ҳақида сўрадим.

-Буни ҳеч қандай сири йўқ, - дейди у. – Шунчаки ҳалол яшасангиз бўлди. Айтмоқчи, Ором бобом менга доим бир нарсани айтардилар. Элга берсанг қайтади, дер эдилар. Кейин “яхшига килсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади, ёмонга қилсанг яхшилик на айтади, на қайтади” деб кўп такрорлар эди раҳматли. Мен бобомнинг ўгитларига амал қилиб кам бўлмаяпман. Отам – Икром Орипов менга қанот бўлаяптилар. Агар отам бўлмаганида мен бунча ишни уддалай олмаган бўлардим. Гоҳида руҳий мададкор ҳам керак экан.

 Мен Акмалжон Оромов билан хайрлашар эканман, унинг бир гапи қулоғим остида ҳамон жаранглаб турибди:

“Биз Янги Ўзбекистонга тоза юрак, уйғоқ қалб ва покиза виждон билан кириб боришимиз лозим”

Айтмоқчи, Акмалжон Оромов 2017 йилда “Ёш фермер” кўрик-танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган.

Фахриддин Бозоров,

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    841
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+