Ислоҳотлар халқни тинглашдан бошланаётгани ўзининг самараларини беряпти

24.07.2021, 15:08

Ислоҳотлар халқни тинглашдан бошланаётгани ўзининг самараларини беряпти

Давлат идоралари фуқарони тингласа, муаммоларини ҳал этишга интилса, унинг кайфияти кўтарилади, яшашга, келажакка ишончи юксалади. Қолаверса, мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг янгича тартибда жорий этилгани бугун ўзининг ижобий самараларини бермоқда. 2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент фармони қабул қилингани ва Ушбу фармонга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарнинг ташкил этилгани  ҳукумат ва халқ ўртасидаги узвий алоқани янада мустаҳкамлади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июлда ўтказилган  видеоселектор йиғилишида айнан шу каби масалалар, хусусан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш борасидаги таклифлар ўртага ташланди. Видеоселекторда таъкидланганидек, бугунги кунда аҳоли мурожаатлари таҳлил этилганда, валюта айирбошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалаларига оид мурожаатлар бутунлай тўхтаган. Албатта, бу борада аҳоли талабига мос тарзда иш тизими жорий этилгани ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Йиғилишда бугунги кунда энг кўп мурожаатлар электр энергияси ва газ таъминоти, бандлик, уй-жой, ер, тиббий хизмат ва халқ таълими масалалари бўйича бўлаётгани айтилиб, бу муаммоларни ечишда кескин чора-тадбирлар кўрилиши белгиланди. Президентимиз эндиликда мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада жамланиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларининг очиқ рейтингини шакллантириши белгиланишини айтиб ўтди.

Шунингдек, барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Ягона онлайн платформа яратилади. У орқали мониторинг юритилиб, ҳар ойда Сенатга ва Ҳукуматга таҳлилий маълумот киритилади ҳамда танқидий муҳокама қилиб борилади. Шу билан бирга аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини Сенатда ҳар чоракда, маҳаллий ҳокимликлар ҳисоботини эса маҳаллий Кенгашларда ҳар ойда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ислоҳотлар энг аввало халқни тинглашдан бошланаётгани  мурожаатларни тез ва самарали ҳал этилишида муҳим ўрин эгалламоқда. Зеро, юртимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани халқ ва давлат ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш билан бирга аҳолининг юрт истиқболига ва мамлакат тараққиётига ишончини янада юксалтирмоқда.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    104
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+