Муҳим сиёсий жараёнга старт берилгани зиммамиздаги масъулиятни янада оширди

24.07.2021, 16:01

Муҳим сиёсий жараёнга старт берилгани зиммамиздаги масъулиятни янада оширди

Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 23 июлдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланганини расман эълон қилди.

Айни жараёнга тайёргарлик ишлари юзасидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида партиямизнинг  Ўзбекистон  Республикаси  Президенти  сайловида иштироки  ҳамда партиядан кўрсатиладиган номзод тўғрисидаги ва ҳудудий партия ташкилотларида сайловолди штабларни ташкил қилиш масалалар кун тартибида муҳокама қилинди.

Албатта, мазкур йиғилишларда олдимизга қўйилган топшириқлар долзарб, сиёсий майдондаги муҳим жараёнлар бизни яна бир бор синовдан ўтказади. Муҳими, Президент сайловлари янги танланган миллий сайлов қонунчилиги асосида умумэътироф этилган халқаро стандартларга, шунингдек демократик тамойилларга асосан - очиқ ва ошкора ўтказилишига эришишимиздир.

Айни кунда олдимиздаги топшириқлар асосида партия вилоят Кенгашида 17 нафар аъзодан иборат сайловолди штаби тузилиб, уларнинг ҳар бирига сайловолди кампаниясининг барча йўналишларида тарғибот-ташвиқот, ташкилий вазифалар юклатилди. Партия туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам айни штаб тузилмалари ташкил этилди. Салоҳиятли, сиёсий-ҳуқуқий билими юксак, дунёқараши кенг, ҳар бир воқеликка муносиб позициясини сақлаб тура оладиган, хорижий тилларда сўзлаша оладиган кадрлар штаб аъзолари сифатида танлаб олинди.

Бўлажак сайлов айтиш жоизки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

Бундан беш йил муддат илгари, яъни  2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган Президент сайловидан буён ўтган вақт давомида халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида, жамиятимизда, миллий сайлов қонунчилигида улкан ўзгаришлар юз берди. Чунончи ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда халқ фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган дадил ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўтган сайловдан фарқли ўлароқ, жорий йилдаги сайлов илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтади. Президент сайловида конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти, яъни давлат раҳбари даврийлик принципи асосида сайланиши таъминланади.

Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш зарур: мазкур сайловолди кампания партия тузилмалари, депутатлар, фаоллар учун ниҳоятда катта масъулият  демакдир. O`zLiDeP янгиланаётган Ўзбекистонда сиёсий жараёнларга ўз таъсирини сақлаб қолиши, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаолликни оширишга муносиб ҳиссасини қўшиши, ўз позициясини намоён қила олиши керак. Бунда эса биз партия ҳудудий Кенгашлари ҳамда депутатларнинг ўрни жуда катта!

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилдоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    445
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+