Йўлларда назорат қанча кучайтирилса, шунча яхши

24.07.2021, 18:54

Йўлларда назорат қанча кучайтирилса, шунча  яхши

Ижтимоий тармоқларда пойтахтимиз кўчаларида том қисмига қоидабузарликларни аниқловчи қурилма ўрнатилган “Тракер” автомобили ҳаракатланаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.

Айримлар бунга салбий муносабат билдиряпти. Уларнинг фикрларига мутлақо қўшилмаймиз. Чунки кўпгина ҳайдовчиларимизнинг қоидаларни бузишга мойил эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Машина рулидаги кўплаб одамлар жамият олдидаги масъулиятни унутиб қўймоқда. Қоидаларни назар-писанд қилмаяптилар.  Кунда-кунора даҳшатли авариялар содир бўляпти. Расмий маълумотларга кўра шу йилнинг дастлабки беш ойида 770 юртдошимиз йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлган.

Афсуски, анъанавий усуллар – ҳайдовчиларни белгиланган қоидаларга риоя этишга даъват қилиш ва бошқача шаклдаги тарғибот ишлари самара бермай қўйганига анча бўлди. Ҳайдовчиларга фақат жарима, машинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш сингари жазо чоралари кор қилаётгани, нохуш бўлса-да, ҳақиқат.   

Фикримиз тасдиғига бир мисол келтирамиз. Шаҳарлараро йўлларда, катта трассаларда тезликни қайд қилувчи камералар ўрнатилгач, аксарият ҳайдовчилар “ўпкасини босиб” олганига барчамиз шоҳидмиз.  Ҳаттоки,  “мен секин юролмайман” дегувчилар ҳам, қарангки, онг-шуурига қаттиқ ўрнашган бу одатдан буткул воз кечишга ўзларида куч топа олдилар.

Хуллас, мазкур янгилик, халқона айтганда, яхшиликка бўляпти. АҚШ, Россия каби мамлакатларда тилга олинган қурилма қоидабузарликларни камайтиришга ёрдам бераётган экан, нега бизда ҳам шундай бўлмасин? Қолаверса, тегишли идоралар масъуллари айтганидек, ана шу мослама “йўлларда назоратни таъминлашда инсон омилини чеклаш, фуқаролар билан мулоқотни қисқартириш” да ҳам жуда қўл келадики, бизнинг шароитда бу айни муддаодир.

 Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими  

  • Кўрилди
    607
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+