Мамлакатимизда 35 та туманлараро ўткир қон томир касалликлари маркази ташкил этилади

27.07.2021, 14:00

Мамлакатимизда 35 та туманлараро ўткир қон томир касалликлари маркази ташкил этилади

Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2021-2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилиши белгиланди.

Бу марказларнинг ташкил этилишидан кўзланган мақсад нимадан иборат? Ўзи асли бунга эҳтиёж туғилаётган эдими, деган савол туғилиши табиий. Албатта, тан олиш керак, бу қарор ўз вақтида ва энг зарур пайтда қабул қилинди. Чунки бугунги кунда мамлакатимизда қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш масаласи жуда долзарб бўлиб турибди. Айниқса, ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатишга талаб ортиб бораяпти. Шунинг учун ҳам қарорда ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратиш, ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилиши белгилаб қўйилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни “А” витамини билан, 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш назарда тутилган эди ва ана шу тартиб-тамойил мазкур қонунда яна мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, қарорда ҳудудларнинг умумий ўринлар фонди ҳисобидан нефрология ва гемодиализ бўлимларини 50 ўрингача етказиш, диализ аппаратлари ва сарфлаш воситаларини харид қилиш, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази биноларини қуриш ва реконструкция қилиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган.

Бу қарор ҳақида фикр юритганда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга, аҳолига қулай, тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яратиш борасида катта ғамхўрликлар қилинаётганини англаш мумкин. Мақсад эл соғлигини муҳофаза қилиш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом, баркамол қилиб тарбиялаш экан, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бу қарор ижросини таъминлашда биз депутутлар ҳам астойдил ҳаракат қилишимиз лозим. Зотан, эл соғлиги юрт бойлиги ва бу бойликни асраш учун ҳар бир киши масъулдир.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    304
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+