Тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошади

27.07.2021, 15:13

Тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада ошади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, турли касалликларнинг эрта олдини олиб фуқароларнинг узоқ умр кўришига кўмаклашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янада юқори даражага кўтариш, аҳолининг барча қатламларини тиббий хизмат билан қамраб олиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.

Жорий йилнинг 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши тиббий хизматнинг янада ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ҳисобига фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг фаол меҳнат қобилиятини тиклашга имконият яратиш, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжат тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Юртбошимизнинг ушбу қарори билан 2021-2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.

Марказларнинг асосий вазифалари этиб “олтин соат” тамойили асосида қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;

- ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш;

- марказларга бириктирилган туман (шаҳар)лар аҳолисига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш киради.

Шунингдек, Марказларга ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади.

Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари фаолиятини молиялаштириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидалар татбиқ этилади.

Марказларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур қарорнинг яна бир аҳамиятли тарафи шундан иборатки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолиятини йўлга қўйилади. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази биноларини қуриш ва реконструкция қилиш чоралари ҳам кўрилади.

Умуман олганда, ушбу қарор тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг янада ошишига хизмат қилади.

Ферузахон Мадалиева,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашидаги

O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1069
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+