Халқ фаровонлигига хизмат қилувчи лойиҳалар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда

27.07.2021, 16:37

Халқ фаровонлигига хизмат қилувчи лойиҳалар амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий соҳаларни янада такомиллаштириш борасида ҳам улкан режа ва мақсадлар белгиланган. Давлатимиз раҳбари ана шу вазифалар бажарилишига жуда катта эътибор қаратяпти, лойиҳалар амалга оширилишини шахсан назорат қиляпти.

Кеча Президентимиз маданият, тиббиёт, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида замонавий кутубхона барпо этилиши режалаштирилганди. Унинг дастлабки тархи бир ой аввал тақдимот қилинган, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг тавсиялари асосида такомиллаштирилган.

Тақдимотда кутубхона лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарига онкология ва гематология шифохоналарини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот  берилди.

Маълумки, шу йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорга мувофиқ, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги иншоот қуриш белгиланган. Шу мақсадда Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер ажратилган. Ҳозирда бу борадаги ишлар қизғин тус олган. Янги, замонавий  марказлар ишга тушиши аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини  юксалтиради.  

Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Термиз халқаро савдо маркази ташкил этилмоқда. Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида унинг бош режасини кўздан кечирган эди.

Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган ушбу марказ улкан ва кўп тармоқли бўлади.

Таъкидлаш зарурки, бу мажмуа хизмат кўрсатиш соҳаси ривожида, маҳсулотларимиз экспортида, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади. Шунинг баробарида мамлакатимиз халқаро нуфузи ошишига ижобий таъсир кўрсатади.         

Давлатимиз раҳбарига мазкур объект қурилишига доир ахборотлар ҳам тақдим этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳрида давлат объектларидан самарали фойдаланиш, Наманган вилоятида йўл бўйларида савдо ва хизмат шохобчалари ташкил этиш борасидаги режалар ҳам муҳокама қилинди.  

Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ” деган эзгу ғоя амалий ишлар билан ўз тасдиғини топмоқда. Ҳамма саъй-ҳаракатлар ободлик, бунёдкорлик ва аҳоли фаровонлигига йўналтирилмоқда.

  Алишер РЎЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    105
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+