Давлат дастури ижроси белгиланган муддатда бажарилса, муаммолар ҳудудда ечим топади

29.07.2021, 11:39

Давлат дастури ижроси белгиланган муддатда бажарилса, муаммолар ҳудудда ечим топади

Коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатлари қатори, юртимизда ҳам кўпгина режаларни амалга оширишга жиддий таъсир кўрсатяпти. Лекин ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигини ялпи ички маҳсулотнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,2 фоизга ўсиши билан якунлашга эришдик.

Ўтган давр ичида барча соҳалар қатори, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани туфайли иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши кузатилди. Саноат, хизматлар, қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

216 млрд. сўмлик 9 та инвестиция

лойиҳалари ишга туширилди

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоғи каби аграр секторда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Хусусан, бугунги кунга қадар ерларни фойдаланишга киритиш учун 1 203 км суғориш тармоқлари қурилиб, 391 км коллектор тармоқлари таъмирланди, 997 дона суғориш қудуқлари ва 201 дона насос агрегатлари ўрнатилиб, 1 782 км электр узатиш тармоқлари тортилди. Натижада республика бўйича жами 189,0 минг гектар, шундан 100,5 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерлар ҳамда ер ости захира сувлари мавжуд бўлган 88,4 минг гектар чўл, адир ҳудудлардаги лалми ва яйлов ерлар ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилди.

Ўзлаштирилган ер майдонларда 20 минг гектар сабзавот, 12,5 минг гектар полиз, 18,2 минг гектар мойли, 17,3 минг гектар дуккакли, 38 минг гектар озуқа экинлари, 37,9 минг гектар боғ, 26 минг гектар узумзор, 9,2 минг гектар шоли ва 9,8 минг гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилди.

2021 йилда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 7 млн. тонна сабзавот, 1,6 млн. тонна картошка, 3,1 млн. тонна мева ва 1,8 млн. тонна узум етиштириш белгиланган. Бунинг учун қўшимча равишда ҳисобот даврида 64 минг гектар мевали боғ ва 37,6 минг гектар узумзорлар барпо этилди. Мевали боғлар ва узумзорларни ташкил этиш учун 64,3 минг дона мевали, 100,6 минг дона ток кўчатлари ҳисоб-китоб қилиниб, бугунги кунга қадар 44,9 млн дона мева ва 51,9 млн дона ток кўчатлари етказиб берилди.

Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарнинг ғалладан бўшаган такрорий майдонларига 92,5 минг гектар сабзавот, 22,9 минг гектар картошка ва 33,8 минг гектар полиз экинлари экилиши белгиланган бўлиб, ўтган даврда 13,2 минг гектар сабзавот, 453 гектар картошка, 10,7 минг гектар полиз экинлари экилгани аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулай шарт-шароитлар натижаси, десак муболаға бўлмайди.

Экспортчи корхоналарнинг 1 208 та

муаммоси ҳал этилди

Маълумки, инвестиция — бу иқтисодиёт драйвери бўлиб, у бўлмаса, иқтисодиёт ривожланмайди. Иқтисодиётда инвестицияларни кенг миқёсда жалб этиш эса кўплаб соҳалар, тармоқлар ва ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар кириб келишига хизмат қилади. ​

Шу нуқтаи назардан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 4,8 млрд. доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ёки прогнозга нисбатан 130 фоизга бажарилди. Энг муҳими, Давлат инвестиция дастури доирасида 746 млн. долларлик 50 та йирик ва аҳамиятли лойиҳалар, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида эса 21 трлн. сўмлик 5 246 та лойиҳалар ишга туширилиб, 70 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу, албатта, қувонарли ҳолатдир.

Ҳисобот даврида республика бўйича экспорт ҳажмлари 7 млрд. 55 млн. долларни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 112,3 фоизни ташкил этганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур. Айниқса, экспортчи корхоналарнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, уларга зарур кўмакни кўрсатиш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида 24 соат фаолият юритувчи республика экспорт штаби фаолияти йўлга қўйилиб, экспортчи корхоналарнинг 1 208 та муаммоли масалалари тезкорлик билан ҳал этилгани мамлакатимизда бизнес вакилларига давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан жами 150 млрд. сўмлик молиявий ёрдамлар кўрсатилгани, шунингдек, экспортолди молиялаштириш мақсадида экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган 100 млн. доллар маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, 193 та экспортчи корхоналарга арзон фоизларда ажратилиши таъминлангани кўплаб тадбиркорларимиз учун катта рағбат ва имконият бўлди.

Албатта, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қилинган ишлар диққатга сазовор. Лекин ҳисобот даврида ютуқлар билан бирга бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам борки, уларни ўз вақтида бартараф этиш кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитиш жараёнида айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботда барча муҳим масалалар кенг қамровда акс эттирилгани, айниқса, Вазирлар Маҳкамасига, унинг таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга юборилган парламент ҳамда депутатлик сўровларига берилган жавоблар чуқур таҳлил қилингани ижобий баҳоланди. Ўз навбатида, Ҳукуматга йил якунига қадар Дастур ижросини тўлиқ бажариш чораларини кўриш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Биринчидан, Дастурнинг биринчи ярим йилликка белгиланган 116 та бандидан 89 таси тўлиқ ижро этилган, 7 та банднинг ижроси муддатидан аввал таъминланган. Аммо айрим бандлар ижроси бажарилиши кечиккан, белгиланган вазифалар ҳозирга қадар таъминланмаган. Ҳозирда 1 июль ҳолатига муддатидан кечикишга йўл қўйилган айрим топшириқлар юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, партиямиз электорати манфаатига хизмат қиладиган, молиявий бозорни кенгайтиришга қаратилган муҳим тадбир кўзда тутилган 60-банд ижроси юзасидан “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шу йил 9 июль куни Қонунчилик палатасига киритилди.

Иккинчидан, ЎзЛиДеП дастуридаги муҳим йўналишлардан бири бўлган давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш чоралари кўрилаётгани ҳам қувонарлидир. Зотан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 мартдаги тегишли фармони билан 18 турдаги маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими орқали берилиши, 28 та турдаги давлат хизматининг натижаси аҳолига почта алоқаси орқали етказилиши белгиланди.

Учинчидан, энергетика тизими иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Бу борада электр энергетикаси соҳасида рақамлаштириш сиёсатини амалга оширилаётгани, бугунги кунга қадар 7,2 миллиондан ортиқ аҳоли хонадонларига замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилгани, уларнинг 6,3 миллионтаси биллинг тизимига уланиб, электр энергияси истеъмолини онлайн мониторинг қилиш йўлга қўйилгани диққатга сазовор, албатта.

Шу ўринда ҳисоботда келтирилган бир рақамга тўхталишни жоиз билдим.Айни вақтда республикада электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари 14 минг 131 мегаваттни ташкил этмоқда. 2000 йилда бу кўрсаткич 7 минг 750 мегаваттни, 2016 йилда 10 минг 830 мегаваттни ташкил қилган. Сўнги 20 йилда ишлаб чиқариш қувватлари 2 баробарга, охирги 4 йил ичида эса 25 фоизга ўсган.

Жорий йилнинг якунига қадар 9 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилиб, генерация қувватлари 1 минг 560 мегаваттга оширилиши мақсад қилинган. Ушбу муҳим вазифани бажариш ҳамда Тошкент, Хоразм, Навоий вилоятларида белгиланган аниқ лойиҳалар амалга оширилиши учун Ҳукумат албатта, барча зарур чораларни кўришига ишонамиз. Бу борада фракциямиз ҳам энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда назорат таҳлил тадбирларини амалга оширади.

Тўртинчидан, серқуёш юртимизда етиштирилаётган ноз-неъматлар ўзининг бетакрор таъми, инсон организми учун фойдали бўлган витаминларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис мева-сабзавотларимизга талаб хорижда ҳам юқори. Ҳозирги мураккаб шароитда аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, экспорт кўламини кенгайтириш долзарб масалалардан бўлгани боис, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва йил давомида нарх-наво барқарорлигига эришиш учун ижро органи билан депутатлик корпуси ҳамкорликни кенг йўлга қўйиб, назорат ишларини кучайтириш кераклиги тавсия этилди.

Хулоса шуки, Давлат дастурида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган муҳим масалалар ўз аксини топган. Шу нуқтаи назардан унинг ҳар бир бандида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, жойлардаги муаммолар ечим топади, жамиятда, одамлар ҳаётида ўзгариш бўлади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    234
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+