Энди бирорта бола “мен етим ёки ногиронман” деб ўксинмайди

29.07.2021, 17:36

Энди бирорта бола “мен етим ёки ногиронман” деб ўксинмайди

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашнинг бир неча тузилмалари йўлга қўйилган. Хусусан, айни кунда юртимиздаги 13 та Болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар болалар ҳомийлик, васийлик ва оила патронати қарамоғига олинган. Уларнинг таълим-тарбияси, уй ва иш билан таъминланиш масалалари ҳамиша давлатимиз эътиборида.

Президентимиз раислигида 28 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам айни масала кун тартибида таҳлил қилингани бежиз эмас. Ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш ҳукуматимиз ғамхўрлиги остида юксак босқичга кўтарилмоқда.  

Негаки, мен ўзим Қўрғонтепа “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи директори сифатида мазкур йўналишдаги амалий ишларга бевосита гувоҳман. Андижон вилоятидаги мазкур муассаса 1969 йилда ташкил топган. Айниқса, мустақиллик йилларида муассасамиз моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шарт-шароитларни яхшилаш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.  

330 ўринга мўлжалланган муассасамизда тарбияланувчилар учун тиббий, психологик, маънавий-маърифий йўналишларда амалий кўникмалар намунали тарзда ташкил этилган. Мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилиб келинади. Туман халқ таълими бўлими томонидан тажрибали фан ўқитувчилари бириктирилган. Ўқиш-ўрганишга лаёқати, қобилияти бор тарбияланувчилар билан махсус синф хоналарида дарс машғулотлари ўтказилади.  Иқтидорли тарбияланувчиларимиз томонидан тайёрланаётган қўл меҳнати буюмлари асосида кўргазмалар ташкил этилган.  

Тарбияланувчиларимиз тасвирий санъат, спорт бўйича ўтказилаётган кўрик-танловларнинг нафақат туман, балки вилоят ва республика босқичларида ҳам фаол иштирок этиб, юқори ўринларга сазовор бўлмоқда.  

Бугунга келиб, муассасада фаолият олиб бораётган тарбиячилар, мутахассиснинг касбий билим ва малакасини ошириш мақсадида малака ошириш курслари, тренинг машғулотлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, улар малака ошириш учун турли курсларга ўқишга юборилмоқда.  

Муассасамиз мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган. Шундай бўлсада, муассасамизнинг самарали фаолият юритиши, мураббий ва мутахассисларнинг ишлаши учун давлатимиз томонидан зарур барча шароитлар яратилган. Бу давлатимиз, Президентимиз томонидан Мурувват, Меҳрибонлик уйларига кўрсатидаётган эътибор ва ғамхўрликнинг бир намунасидир.  

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар фаолиятимизни янада унумли ва самарали олиб бориш учун зарур хулосалар чиқаришга ундайди. Чунончи, йиғилишда қайд этилган – жорий қилиниши белгиланган янги тизимга кўра, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаларидаги ёшларнинг таълим-тарбиясига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул бўлади. Бунинг учун қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, алоҳида бошқарма ташкил этилади.

Шунингдек, Меҳрибонлик уйларидаги болаларга сабоқ бериш, уларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги методикалар ишлаб чиқилади. 14 ёшдан юқори ўғил-қизларни талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.

Энг муҳими, эндиликда шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйлари  Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликлари томонидан оталиққа олинадиган бўлди.

Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланган қуйидаги сўзлар барчамиз учун шу йўналишда дастуриламал бўлиши зарур, деб ҳисоблайман: “Ота-она меҳридан маҳрум ва ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзолари сифатида тарбиялаш барчамиздан жиддий эътибор ва амалий ҳаракатларни талаб қилади. Бирорта бола “мен етим ёки ногиронман” деб ўксинмаслиги, давлатимиз ва жамиятимизнинг меҳридан четда қолмаслиги керак. Уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, барча шароитларни яратиб бериш нафақат вазифа, балки муқаддас бурчдир. Масалага шу жиҳатдан ёндашсак, ишимизда албатта натижа бўлади. Фарзандларимизга қилган ҳар бир яхшилигимиз ўн яхшилик бўлиб қайтади”.

Юртбошимизнинг бу сўзлари жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, мутасаддилар, айниқса, мазкур тизимда фаолият юритаётган ҳар бир кишини янада фаол ва фидойи бўлиб ишлашга, белгиланган вазифаларни ситқидилдан бажаришга ундайди.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

Қўрғонтепа “Мурувват” ногиронлиги бўлган  

болалар интернат уйи директори,  

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    420
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+