Боёвутлик ёш агроном-олимнинг иссқихонаси фаолияти билан танишилди

29.07.2021, 17:38

Боёвутлик ёш агроном-олимнинг иссқихонаси фаолияти билан танишилди

O`zLiDeP Сирдарё вилоят ҳамда Боёвут туман Кенгаши томонидан “Ёш муваффақиятли тадбиркор” лойиҳаси доирасида мулоқот бўлиб ўтди. “Тадбиркорлик фаолияти, кучли иқтисодиёт – кучли маънавият” шиори остида ўтган мазкур тадбирда иштирокчилар ёш тадбиркор Дилноза Усмонова фаолияти билан яқиндан танишишди. Партия фаоллари Дилноза раҳбарлик қилаётган Боёвут тумани “Гулистон лимон экспорт” МЧЖда амалга оширилган ишлар ва ёш тадбиркорнинг келгусидаги режалари хусусида мулоқот олиб боришди.

Дилноза ўз меҳнат фаолиятини 2018 йилда “Хурсаной-Ҳамроқул- Ҳамкор” МЧЖ ташкил қилиш билан бошлаганди. Ёш тадбиркор 2019 йилда 2 гектар ерда иссиқхона ташкил қилди. Натижада банкнинг 350,0 минг АҚШ доллари қийматига тенг лойиҳаси молиялаштирилди. 2020 йилга келиб Дилноза Усмонова “Гулистон лимон экспорт” МЧЖ га асос солиб, лимончилик кластерини ташкил қилди. 35 нафар қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлади.

Ёш тадбиркор “Гулистон лимон экспорт” МЧЖда айни кунларда полиз экинлари – бодринг, помидор кўчатлари парвариш қилинмоқда. Экинлар илғор ва тежамкор томчилаб суғориш технологияси усулида суғорилмоқда. Иссиқхонадан мўлжалдаги мўл ҳосилни олиш учун аввало экинларни зараркунандалардан асраш, уларга ўз вақтида минерал ҳамда маҳаллий ўғитлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, тадбиркор Дилноза Усмонова Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Ихтисослиги бўйича олим-агроном ҳисобланади. У 2020 йилда “Жаҳон банкининг инвестиция киритиш бўйича энг ёш тадбиркор аёли” деб топилган. Шунингдек, “Йил талабаси - 2020” Республика кўрик-танловининг ҳамда “Йилнинг энг намунали тадбиркор талабаси” (2019 йил) номинацияси ғолиби ҳам бўлган.

Ўз тенгдошларидан фарқли ўлароқ Дилноза Усмонованинг интилишлари, ҳаётга қараши теран. Келгусида у бир қатор истиқболли режаларни амалга оширишни режалаштириб қўйган. Жумладан, ёш агроном-олим кам даромадли оилалар учун иситилмайдиган кичик иссиқхоналар қуриш, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари учун агротадбирлар ва хизматларни амалга оширувчи минитехнологиялар ва воситалар марказини очиш, ҳудуд тупроқ иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда шўрга ва қурғоқчиликка чидамли озуқа экинларини етиштиришни йўлга қўйишдек бир қатор ишларни амалга ошириш ҳаракатида юрибди.

Агроном-олим тадбир иштирокчиларининг барча саволларига жавоб берди. Ёш тадбиркор билан бўлган мулоқот мазмунли ва самарали якун топди.

Дилноза Усмонова сингари тадбиркор деҳқонларимиз кўпаяверар экан халқимиз ҳаёти фаровон, дастурхони тўкин бўлиб бораверади.

Манзура ДАДАЕВА

O`zLiDeP Боёвут туман Кенгаши

аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    312
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+