Янги конлар ва саноат корхоналарининг ишга туширилиши юртимиз ривожини жадаллаштиради

30.07.2021, 16:43

Янги конлар ва саноат корхоналарининг ишга туширилиши юртимиз ривожини жадаллаштиради

Олмалиқ кон-металлургия комбинатини таъриф-тавсифлашга ҳожат йўқ. Мазкур улкан саноат мажмуаси тўғрисида қарийб ҳар бир  юртдошимиз  эшитган, ўқиган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, республикамиз экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Бинобарин, иқтисодиётимизда салмоқли улушга эга бўлган бу мажмуага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Ёшлик-1” конини бориб кўрди. Охирги йиллардаги эътибор натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилмоқда. “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси шулардан бири. Ушбу лойиҳанинг қиймати 4 миллиард 894 миллион долларга тенг. Унинг 2024 йилда ишга туширилиши, жами 6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига коннинг салоҳияти, уни ўзлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Ўз сўзида, жумладан, мамлакатимиз саноати тарихида янги давр бошланаётгани, Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланаётганини таъкидлади.

Албатта, бу барчамиз учун қувонарли жараёндир. Зеро, жаҳон бозорига чиқарилаётган маҳсулотларимиз ҳажми ва сифати ортиши халқимиз фаровонлиги, давлатимиз иқтисодий қудрати юксалишида жуда катта аҳамиятга эга.

Тўлқин Файзиев,

O'zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    296
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+