Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим шартидир

30.07.2021, 16:51

Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш демократик ислоҳотларни  амалга  оширишнинг  муҳим шартидир

Жуда кўп давлатлар, айниқса, ҳудудида у ёки бу кўринишда миллатлар, элатлараро низолар, келишмовчиликлар юз бераётган ўлкалар мамлакатимизда бардавом бўлган тотувлик ва осойишталикка ҳавас билан қарайди.

Дарҳақиқат, юртимизда бу борада бошқаларга ибрат бўлгулик муҳит ҳукмрон. Ўзбекистонда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатлар, 16 та диний конфессия вакиллари асосий қонунимиз ва бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, турли жабҳаларда меҳнат қиляпти. Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига, халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга муносиб ҳисса қўшяпти.

Таъкидлаш зарурки, бундай муваффақиятга ўз-ўзидан эришилмади. Мамлакатимизда 141 та миллий маданий марказ фолият олиб боряпти. Таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда, яъни, ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида йўлга қўйилган. Олий таълим масканларида эса бир неча қардош ва хорижий тилларда таҳсил олиш имконияти яратилган. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилаётгани, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаётгани мамлакатимиздаги миллатлараро бирдамлик муҳитининг амалдаги намунасидир.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллатлар, фуқаролар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланяпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тўрт йил муқаддам Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. 2019 йили давлатимиз раҳбари фармони билан миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни 2019–2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. 2020 йил 24 январда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида тилга олинган вазифалардан келиб чиқилган ҳолда мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланди. Эндиликда бу сана юртимизда дўстлик, бирдамлик байрами сифатида кенг нишонланяпти. Кўплаб тадбирлар, концерт дастурлари, кечалар, фестиваллар, кўрик-танловлар, конференциялар ташкил этилмоқда.

Шу ўринда партиямиз дастурида белгиланган тегишли вазифалар давлатимизнинг бу борадаги сиёсатига ғоят уйғун эканини алоҳида қайд этиш зарур. Хусусан, дастуримиздан қуйидагилар ўрин олган: “O`zLiDeP мамлакатимизда бағрикенглик маданияти ва инсонпарварликни янада ривожлантириш, миллатлараро ва фуқароларнинг ўзаро тотувлигини мустаҳкамлаш, дўстлик ва бирдамлик муҳити, тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш, жамиятимиз ва давлатимизни изчил ривожлантириш кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим ва зарур омилларидандир, деб ҳисоблайди”.

Партиямиз бу йўналишда ўз зиммасига олган вазифаларни изчиллик билан амалга оширмоқда.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палтасининг

халқаро ишлар ва

парламентлараро алоқалар қўмитаси

аъзоси, O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    103
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+