Халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги вазифаларимиз

30.07.2021, 18:44

Халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги вазифаларимиз

Маълумки, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ташқи сиёсатни амалга ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланишини инобатга олиб, ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этилган эди.

2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 255-бандида 30 июль – Халқаро дўстлик кунини юртимизда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш назарда тутилган эди.

Мазкур банд ижроси юзасидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси жорий йилнинг 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қабул қилиниб, 5 февраль куни Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида маъқулланди.

2021 йил 10 февралда мазкур Қонун Президентимиз томонидан имзоланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Эндиликда Ўзбекистонда ҳар йили 30 июль – “Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу банд ижроси билан белгиланган сана мамлакатимиздаги турли миллатлар вакилларининг бир бирига бўлган меҳр-оқибатини ва тотувлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 141 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.

Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад инсонлар, халқлар, давлатлар, умуман олганда, жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 3 майдаги 65-сессиясида қабул қилинган резолюциясида ҳам халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш имкониятини яратиш мақсадида 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши белгиланган. Дўстлик кунини нишонлаш ЮНЕСКОнинг ўзаро тоқатлилик руҳини сингдириш ва мавжуд низоларни муроса йўли билан ҳал этишдан иборат тинчлик маданияти тамойилларига тўла мос келади.

Бугунги кунда ушбу йўналишда мамлакат миқёсида кенг қамровли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги Фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Дўстлик уйлари”, “Дўстлик ва ННТлар уйлари” ташкил этилди ҳамда уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ва ривожлантирилмоқда.

Шундай ишларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳам муносиб ўрни бор, албатта. Буни O`zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда уларнинг аъзолари ҳисобланган барча миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликдаги фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Қолаверса, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сайловолди дастури (платформаси)да миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, Сайловолди дастуримизнинг “Янги Ўзбекистон: хавфсиз, тинч ва барқарор мамлакат” деб номланган йўналишида “Партия демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар, халқнинг маънавий ривожланишига фундаментал вазифа – мамлакат хавфсизлигини, жамиятда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва фуқаролар ҳамжиҳатлигини таъминламасдан эришиб бўлмайди, деб ҳисоблаши”, “Миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик – жамият ва давлатнинг муҳим қадриятлари” эканлиги баён этилган.

Партия бағрикенглик, инсонпарварлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликнинг мустаҳкамланиши, дўстлик, ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорлик муҳити бардавом бўлишини давлат ҳамда жамият ривожланишининг энг муҳим ва зарурий шарти, деб билади.

Партия мамлакатимизнинг қуйидагиларга асосланган миллий сиёсатини қўллаб-қувватлайди: тенг ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалда бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мақомидан қатъи назар, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги шароитида ижтимоий ҳаётни ривожлантириш, турли миллатлар ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг тараққий этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Ўзбекистонда қарор топган ижтимоий ва сиёсий барқарорлик, миллатлараро тенглик ва фуқаролар тотувлиги олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир.

Биз фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллатлар ва элатларнинг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш борасидаги улкан хизматларини эътироф этамиз. Биз хорижий давлатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқаларини уйғунлаштириш масалаларини ҳал қилишда парламент ва халқ дипломатияси салоҳиятидан юқори даражада фойдаланишга кўмаклашамиз.

Партиямиз жамиятда бағрикенглик муҳитининг янада мустаҳкамланиши, турли динларни нотўғри талқин қилувчи, уларнинг ниқоби остида тинч ва осойишта ҳаётга раҳна солишга интилувчи бузғунчи кучларга қарши қатъий кураш тарафдоримиз. Биз маданий ва диний экстремизмга қарши кураш сиёсати, энг аввало, “Жаҳолатга қарши маърифат билан”, “Маърифат ва таълим – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” тамойилларининг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши асосида олиб борилишини қўллаб-қувватлаймиз. Айнан маърифат ва таълим халқларнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилувчи, одамларни хайрли ишларга, меҳр-мурувватга, бағрикенгликка етакловчи омилдир. Бизнинг фикримизча, бундай ёндашув – давр талаби.

Биз буюк аждодларимиз меросини, уларнинг жаҳон цивилизацияси равнақига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, англаш ва кенг оммалаштириш, конфессиялараро, миллатлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, тинчлик ва ҳажиҳатликни таъминлаш тарафдоримиз.

Ишончимиз комилки, юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва конфессиялар вакиллари Ўзбекистонни ўз уйи деб ҳисоблайди, мамлакатимиз ягона халқини ташкил этади, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитида яшашга, жамиятдаги тинчлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорликни асрашга интилади.

Бугун “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудий кенгашлари вакиллари ва партия фаоллари иштирокида ташкил этилган онлайн семинаримизда ҳам айни шу масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашиб олдик.

Насимжон АЛИМОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Сиёсий таълим маркази раҳбари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    135
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+