Коррупцияга қарши ҳар биримиз кураш олиб боришимиз зарур

03.08.2021, 16:15

Коррупцияга қарши ҳар биримиз кураш олиб боришимиз зарур

Президентимиз бошлаб берган очиқлик, ошкоралик сиёсати туфайли мамлакатимизда коррупция  муаммоси ҳам борлиги тан олинди. Нафақат тан олинди, балки бу иллатга  қарши жиддий ва муросасиз кураш бошланди. ОАВда мунтазам равишда коррупцияга оид асосли мақолалар, маълумотлар берилаётгани ана шу кураш усулларидан бири.

Яқинда интернетда муайян йўналишда  коррупция ҳолатлари энг кўп аниқланган вилоятлар рейтинги эълон қилинди. Батафсилроқ баён этсак, коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг июнь-июль ойларида ўтказилган мониторинг тадбирларида республикамиз бўйича бюджет буюртмачилари томонидан жами қиймати 141 млрд. сўмлик 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилишига йўл қўйилган.  Аён бўляптики, коррупцияга қарши янада қатъийроқ ва кескинроқ курашиш лозим. Бу борадаги вазифалар партиямиз дастуридан ҳам ўрин олганини таъкидлаш жоиз. Зеро, порахўрлик   жамиятимиз ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. “Қўлга тушган” порахўрлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, кўпларнинг қон-қонига сингиб кетган таъмагирлик жамиятимиздан йўқолиб кетмаяпти.

МДҲга аъзо мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар шундан далолат берадики, шўролар тузуми қулаганига ўттиз йил бўлганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди.

Коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир қилади.

Мазкур иллатни бартараф этиш учун фақат тегишли ташкилотлар эмас, беистисно барча саъй-ҳаракат қилиши лозим. Айниқса, социологлар, психологлар, журналистлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.

Фикримизча, даставвал фуқароларимиз ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш,  ўз ҳақ-ҳуқуқини астойдил ҳимоя қилиш кўникмасини шакллантириш даркор. Шунингдек, таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшларда бу иллатга тоқатсизликни ҳосил қилиш масаласини ҳал қилиш тақозо этиляпти. Бундан ташқари,  оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига таъмагирлик ёмон иллат эканини сингдирмасак,  мақсад-муддаога эриша олмаймиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари бир масалага кўпроқ диққат қаратиши керак, деб ҳисоблаймиз. Яъни, порахўрлик учун жазони кучайтириш мақсадга мувофиқ.  Сир эмас,  маълум вақт ўтгач, пора олганларнинг айримларини яна давлат органларида, қайсидир ташкилотларда кўряпмиз. Одамларда бундай жиддий қонунбузарлик кечирилиши мумкин, порахўр кўпинча жазосиз қолади,  деган тушунча ҳосил бўляпти.   Аслида жазо қаттиқ, таъмагирлик оқибатлари ёмон бўлиши даркор. Бизнингча, коррупционерлар амнистия қилинмаслиги, кичик  лавозимларда ҳам ишламаслиги керак.

Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандасидир. Унга қарши кураш билан ҳаммамиз ва ҳар биримиз шуғулланишимиз лозим.

 Дилшод Шоумаров,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари,

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга

қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги

жамоатчилик кенгаши аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    658
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+