“Дом”лар орасига яна битта “дом” қурилиши: кимга фойда, кимга зиён?

03.08.2021, 16:34

“Дом”лар орасига яна битта “дом” қурилиши: кимга фойда, кимга зиён?

Кўзига фақат пул, фойда кўринадиган, эл-юрт манфаатини ўйламайдиганлар, афсуски, орамизда оз эмас. Пойтахтимизнинг Учтепа тумани 14-мавзесида рўй бераётган можарони ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб, ана шундай хулосага келдик. Қайд этиш керакки, бундай воқеалар кўп бўляпти, бундан кейин ҳам содир бўлаверади, шекилли. 

Воқеанинг қисқача тафсилоти бундай: “Enjoy Haus” қурилиш компанияси кўп қаватли уйлар орасидаги майдонга яна битта “осмонўпар” турар-жой биносини тиклашни режалаштиряпти. Ўша ерда яшовчилар бундан норози. Қурилиш компанияси эса, агар фуқаролар розилик билдирса, ички йўлларни асфальтлаш ва болалар майдончаси қуриб беришни ваъда қиляпти. Яъни, одамлар хайрихоҳлигини сотиб олмоқчи.  Ажабланарлиси, мазкур ҳудуддаги “Боғистон” МФЙ раиси компания вакиллари билан уйма-уй юриб, одамларни розилик беришга ундаяпти. Фуқаролар эътирозларини эшитишни асло истамаяпти... Маҳалла вакили, айтиш мумкинки, одамларнинг “ишонган боғи, суянган тоғи” шундай иш тутгач, ўзгалардан нима кутиш мумкин?

Хўш, ким ҳақ? Аввало шуни айтиш керакки, кўпқаватли уйлар орасига яна биттасини бунёд қилиш амалдаги Шаҳарсозлик кодекси талабларига зиддир. Демак, уйсозлар ва уларни қўллаб турганлар қонунни четлаб ўтишга уриняпти.   Қолаверса, Президентимизнинг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” шу йил 19 июндаги қарори 7-бандида шундай жумлалар бор: “...қуйидаги масалалар бўйича умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади:

кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш;”

Маълум бўляптики, тилга олинган маҳаллада яшовчиларнинг эътирозлари асоссиз эмас. Қонун улар тарафда. Бинобарин, биз тилга олинган компанияни  қонунларни ҳурмат қилишга, фақат қонун доирасида иш кўришга, одамлар  фикри билан ҳисоблашишга чақириб қоламиз.   

 Шозафар Шоаҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,

O'zLiDeP ёшлар фракцияси раиси маслаҳатчиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    887
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+