Волонтёрлар учун ўқув ташкил этилди

05.08.2021, 16:20

Волонтёрлар учун ўқув ташкил этилди

Сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирок этишида волонтёрларнинг ҳиссаси катта бўлади. Айнан улар ёшларнинг сайлов ҳақидаги сиёсий-ҳуқуқий тушунчаларини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди.

Бунинг учун эса аввало, волонтёрларнинг ўзи етарли сиёсий билимга эга бўлмоғи лозим. Шу мақсадда O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгашида ўқув ташкил қилинди. Унда вилоят адлия бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда партиянинг вилоят кенгаши Сиёсий таълим маркази вакиллари йиғилганларга “Сайлов жараёнларида волонтёрлар билан самарали ишлаш масалалари”га оид мавзуда маъруза қилишди.

Ўқув давомида иштирокчи-ёшлар сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам билиб олишди. Бўлажак сайлов жараёнида ўзаро ҳамкорлик қилиш режалари ўртага ташланди.

Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини, O'zLiDeP аъзоларининг 50 фоизга яқинини ташкил этувчи ёшлар ва кўп минг сонли волонтёрларни сайлов жараёнларига кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш партиянинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. O'zLiDePнинг Сайловолди дастурида ҳам “Биз бугун мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига юқори фуқаролик масъулияти ва замонавий дунёқарашга эга ёшлар кириб келаётганини алоҳида эътироф этамиз” деб ёзилган...

Қолаверса, Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролик жамияти, унинг институтлари фаол ривожланяпти. Аҳолининг ижтимоий фаоллиги ўсиб бормоқда. Одамларнинг жамиятда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, фуқаролик позицияси шаклланмоқда. Шулар қаторида волонтёрлик ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ва унинг ривожланганлик кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.

Волонтёрлар — юрт хизматига бел боғлаган ҳақиқий ватанпарварлардир. Мамлакатимизда хорижий давлатлардаги каби волонтёрлик турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишда кенг учрайди. Масалан, хайрия тадбирлари ва акциялар ўтказилади. Спорт мусобақалари, йирик ижтимоий-сиёсий оммавий тадбирлар, хусусан, сайловларни ташкил қилишда ҳам кўнгиллиларнинг фаол иштироки кузатилади.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда O'zLiDeP бўлажак сайловлар жараёнида фаол ёшлар ва волонтёрлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    689
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+