O`zLiDeP Президентлик сайловида ўз номзодини илгари сурди

07.08.2021, 11:17

O`zLiDeP Президентлик сайловида ўз номзодини илгари сурди

Аввал хабар берганимиздек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. 

Таъкидландики, бу йилги сайловлар янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши кутилмоқда.

Бу сайловларда партия албатта иштирок этиши лозимлиги, юртимизда амалга оширилаётган йирик ислоҳотларнинг давом эттирилишини таъминлаш учун барча имкониятлар, куч-қудрат ва сиёсий ироданинг етарли эканлиги пленум иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Маълумки, сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда партиянинг Президентликка бўлажак номзоди тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак.

МСК томонидан партия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар 5 кунлик муддатда кўриб чиқилиб, ариза қаноатлантирилган ҳолатда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади. Ушбу талаблар ижроси бажарилгандан сўнг, навбатдаги партиянинг Қурултойида номзод кўрсатиш масаласи кўриб чиқилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўтган 5 йилда юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган жараёнларининг ортга қайтмаслиги, юрт ва эл тақдири, эртанги кунимиз ушбу ўзгаришларнинг муваффақиятли бориши билан бевосита боғлиқ эканлиги таъкидланди. Бу эса ўз навбатида мамлакат келажаги, шиддатли кечаётган давр талаби O`zLiDeP зиммасига бўлажак Президентлик сайловларида қатъият ва собитқадамлик билан боришни таъминлай оладиган, жамиятни ислоҳ қилишдек машаққатли вазифани янгича, ўзига хос босқичда давом эттиришга қодир шахсни  номзод этиб кўрсатиш лозимлигини билдиради.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари халқимизни янги марраларга етаклашга қодир бўлган, ўзининг бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини Ўзбекистонимизнинг янада тараққий топишига бағишлаган, юртдошларимиз орасида жуда катта ҳурмат, обрў-эътибор қозонган инсон – Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида кўрсатишни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

O`zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    964
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+