O'zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

07.08.2021, 13:26

O'zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Жорий йил 7 август куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда шу йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O`zLiDePнинг иштироки, Президентлик сайловида O`zLiDePдан кўрсатиладиган бўлажак номзод ҳамда навбатдаги қурултой кун тартибидан ўрин олган масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидландики, бу йилги сайловлар янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши кутилмоқда.

Бу сайловларда партия албатта иштирок этиши лозимлиги, юртимизда амалга оширилаётган йирик ислоҳотларнинг давом эттирилишини таъминлаш учун барча имкониятлар, куч-қудрат ва сиёсий ироданинг етарли эканлиги пленум иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Маълумки, сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда партиянинг Президентликка бўлажак номзоди тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак.

МСК томонидан партия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар 5 кунлик муддатда кўриб чиқилиб, ариза қаноатлантирилган ҳолатда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади. Ушбу талаблар ижроси бажарилгандан сўнг, навбатдаги партиянинг Қурултойида номзод кўрсатиш масаласи кўриб чиқилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўтган 5 йилда юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган жараёнларининг ортга қайтмаслиги, юрт ва эл тақдири, эртанги кунимиз ушбу ўзгаришларнинг муваффақиятли бориши билан бевосита боғлиқ эканлиги таъкидланди. Бу эса ўз навбатида мамлакат келажаги, шиддатли кечаётган давр талаби O`zLiDeP зиммасига бўлажак Президентлик сайловларида қатъият ва собитқадамлик билан боришни таъминлай оладиган, жамиятни ислоҳ қилишдек машаққатли вазифани янгича, ўзига хос босқичда давом эттиришга қодир шахсни  номзод этиб кўрсатиш лозимлигини билдиради.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари халқимизни янги марраларга етаклашга қодир бўлган, ўзининг бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини Ўзбекистонимизнинг янада тараққий топишига бағишлаган, юртдошларимиз орасида жуда катта ҳурмат, обрў-эътибор қозонган инсон – Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида кўрсатишни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишда ўтган беш йил ичида бевосита Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан ислоҳотлар амалга оширила бошланганлигига алоҳида урғу берилди. Ўтган вақт мобайнида халқимизнинг турмуш шароити, дунёқараши ўзгарди. Ошкоралик муҳити жамиятимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Энг асосийси, халқимиз, одамларимиз мамлакатда рўй бераётган истиқболли ислоҳотлардан розилик ҳиссини туймоқда ва ўзлари ҳам бу жараёнларда фаол  иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида ўсиш, юксалиш, тараққиётга эришиш кузатилаётгани нафақат юртимизда, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам чин маънода эътироф этилаётганлиги таъкидланди.

Мажлисда шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги X съездини чақириш, партия ҳудудий кенгашларидан съездга вакиллик меъёри, съезд кун тартиби билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши, шунингдек, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш, жойларда партия съездига делегатларни сайлаш юзасидан O`zLiDeP  вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шу билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси ўз ишини якунлади.

O`zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1155
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+