Яхши қўшничилик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши минтақадаги давлатлар тараққиётига хизмат қилади

07.08.2021, 17:39

Яхши қўшничилик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши минтақадаги давлатлар тараққиётига хизмат қилади

Барчамизга яхши маълум. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига киришган илк кунларданоқ мамлакатимиз атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантиришга киришди. Давлатимиз раҳбари қўшниларимиз – Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берди. Натижада минтақадаги кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. 

Бир неча йил илгари минтақа салоҳиятини тўла юзага чиқариш, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Юртбошимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

Бу ҳаётий ташаббус қардош халқлар манфаатларига мос бўлгани учун кенг қўллаб-қувватланди ва тезда амалга ошди. Биринчи саммит 2018 йил март ойида Нур-Султон шаҳрида, иккинчиси эса 2019 йил ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди.

Жорий йилнинг 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги – учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот ҳам ғоят мазмунли ва самарали кечди.

Президентимиз ўз нутқида умумий сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли бугун минтақамиз яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланиб бораётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди ва қатор таклифларни илгари сурди.

Жумладан, минтақадаги савдони кенгайтириш зарурлиги, тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим экани қайд этилди. Мамлакатларимиз тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестиция ва иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб бориш лозимлиги таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбари амалдаги транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди.

Президентимиз Марказий Осиё мамлакатларининг Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди. Шунингдек, туризм маҳсулотларининг бутун доирасини қамраб оладиган “Бир саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини амалий рўёбга чиқаришга киришиш ғоясини илгари сурди.

Ўз нутқини якунлар экан, давлатимиз раҳбари Маслаҳат учрашувининг натижалари Марказий Осиёдаги биродар халқларнинг кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишонч билдирди.

Таъкидлаш керакки, мазкур саммит Ўзбекистон яқин қўшниларига нисбатан очиқ, хайрихоҳ ва дўстона сиёсатнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор яққол намоён этди. Яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши эса ушбу минтақадаги давлатларнинг ҳар жиҳатдан янада ривожланишига хизмат қилади.

O'zLiDeP Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва  прагматик сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди. Бу борадаги вазифаларимиз дастуримиздан ўрин олган. Унда баён этилганидек, парламент, халқ дипломатиясининг барча имкониятларидан фойдаланиб, биз давлатнинг энг муҳим ташқи сиёсий вазифаси – Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш ва яқин қўшничилик ҳудудига айлантиришга кўмаклашамиз.

O'zLiDePнинг мамлакат ташқи сиёсий курсини амалга оширишга қўшаётган ҳиссасининг энг муҳим механизмларидан бири ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, етакчи хорижий партиялар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади. Бу йўналишда партия ўз нуфузи ва салоҳиятига муносиб тарзда иш олиб бораётганидан кенг жамоатчилик хабардор.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, янги ташқи сиёсатимиз халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиш, юртимизни тараққий топтириш, одамларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш сингари аниқ мақсадларга қаратилган. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар салмоқли ижобий натижалар бераётганини мамнуният билан таъкидлаймиз.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+