O’zLiDeP фаоллари кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини ўрганди

10.08.2021, 17:24

O’zLiDeP фаоллари кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини ўрганди

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши фаоллари Тойлоқ туманидаги “Дилшоджон Дилмуроджон Ишонч” кўп тармоқли фермер хўжалигида йўлга қўйилган замонавий-интенсив технологиялардан оқилона фойдаланиш жараёнларини ўрганди.

“Дилшоджон Дилмуроджон Ишонч” кўп тармоқли фермер хўжалигининг умумий ер майдони 22 гектарни ташкил этади. Шундан 15 гектарига 2019 йилда Туркия технологияси асосида 5 хилдаги олма ниҳоллари интенсив усулда экилди. Олма боғида томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилди. Боғ қатор ораларидан ҳам самарали фойдаланиб, нўхат ва ловия каби ўсимликлар парвариш қилинмоқда.

Бундан ташқари, фермер хўжалигида ҳар бири 12 сотихдан 5 та, умумий 50 сотихлик замонавий иссиқхоналар ҳам барпо этилган. Иссиқхонада иккинчи экин учун булғор қалампири экиб парвариш қилинмоқда.

Фермер хўжалигида 300 тонна мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган Корея технологияси асосидаги замонавий совутгич омборхона мавжуд. Айни пайтда омборхонада картошка сақланмоқда. Картошка сотувга чиқарилиб, олма учун жой ажратилади.  

Шунингдек ҳудудда озиқ-овқат, хусусан гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб фермер хўжалигида чорвачилик тармоғи ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилдан бошлаб  Голландиядан 17 бош насилли чорва моллари келтирилиб парваришланмоқда.

Айни пайтда “Дилшоджон Дилмуроджон ишонч” кўп тармоқли фермер хўжалигида 10 нафар партия аъзоларини бирлаштирган O’zLiDePнинг бошланғич ташкилоти мавжуд.

Тадбиркорлик фаолияти билан танишув доирасида фермер хўжаликларида замонавий-интенсив технологияларни қўллаш самарадорлиги ва афзалликлари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Унда O’zLiDeP Самарқанд вилоят ва Тойлоқ туман Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Тойлоқ туман Кенгашидаги партия депутатлари, фермер хўжалиги аъзолари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда шу каби партия фаоллари бўлган фермерларнинг тажрибаларини оммалаштириш мақсадида улар иштирокида жойларда кўргазмали семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этиб бориш лозимлиги таъкидланди.

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    716
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+