Хоразмнинг ишбилармон аёли аниқланди

14.08.2021, 16:55

Хоразмнинг ишбилармон аёли аниқланди

Ҳар соҳада жамиятда аёлларнинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Сиёсий майдонда ўз овозига эга депутат, фаол хотин-қизлар сафи кенгаймоқда. Тадбиркор, фермер, бир сўз билан айтганда, ишбилармон аёллар сони кундан кун ортмоқда. O'zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг “Ишбилармон аёл” кўрик – танлови  Хоразм  вилояти босқичида ҳам юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган хотин-қизлар иштирок этди. Урганч тумани Улли ҳовли мажмуасида ташкил этилган тадбир кўргазмаларида кўрик–танловнинг туман ва шаҳар беллашувларида  ғолибликни қўлга киритган 20 нафарга яқин  ишбилармон ва тадбиркор аёллар ўз  маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Танлов жараёнида иштирокчи хотин-қизларнинг замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўрини яратгани, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқаргани, аҳолига хизмат кўрсатишни қай даражада йўлга қўйгани, ўз фаолиятида учраётган тўсиқ ва ғовларни қай даражада бартараф эта олаётганига эътибор қаратилди.

Кўрик-танлов  натижаларига кўра, 1-ўринга  Янгибозор туманидан  “Достон” фермер хўжалиги раҳбари Аманжан Холмуродова, 2-ўринга Ҳазорасп туманидан “Бахтбек инвест саноат” МЧЖ оилавий корхонаси раҳбари Гулмира Матякубова ҳамда 3-ўринга Боғот туманидан “Сагдиана элегант” МЧЖ ҳамда Қўшкўпир туманидаги “Нурҳаёт юлдузчалари” МТМ  раҳбари Фароғат Махмудовалар лойиқ деб топилди.

2016 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови доирасида ташкил этилган тадбирларда иштирок этган хотин-қизлар сони бугунги кунда 3000 нафардан ошди.

“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови иқтисодиётимизни юксалтиришда янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб, аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган шижоатли, ташаббускор хотин – қизларни кашф этиш орқали замонавий ишбилармон аёллар қиёфасини яратишга хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга партиянинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Мушарраф Рахимова,

O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    371
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+