Фарғонанинг ишбилармон аёллари аниқланди

14.08.2021, 17:02

Фарғонанинг ишбилармон аёллари аниқланди

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик турларини, касаначиликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва шу асосида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жойларда тадбиркор, ишбилармон ва ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида талай ишлар амалга оширилаётир.

Маълумки, Фарғона вилоятида ҳунармандчилик турлари кенг тарқалган. Катта авлод вакилларидан мерос бўлиб келаётган ҳунармандчилик ишлари кўплаб хотин-қизларнинг доимий иш фаолиятига айланган, оилаларнинг асосий даромад манбаи бўлиб келмоқда, десак янглишмаймиз. Масалан, Учкўприк туманида яшовчи ҳунармандлар сулоласининг бешинчи авлоди ҳисобланган Раънохон Бўтабоева қарийб 6 йилдан буён оддий металдан заргарлик буюмларини ясаб келади. Ҳозирда 30 нафар ишчилари бўлиб, 40 дан зиёд шогирлари ҳам мазкур ҳунармандчилик сир-синоатларини ўрганиб келмоқда. Хотин-қизларнинг бу каби тадбиркорлик ишлари "Ишбилармон аёл" кўрик-танловининг Фарғона вилоят босқичи алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда вилоятда турли соҳаларда фаолият юритаётган илғор фермер, ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизлар иштирок этдилар.

–  Юртимизда аёллар тадбиркорлигини фаол қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни бизнесга кенгроқ жалб этиш, ташаббускорлиги, интилувчанлиги билан ажралиб турган, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармон аёлларни рағбатлантиришга қаратилган мазкур танловга бўлган қизиқиш йилдан йилга ортмоқда, – дейди танлов ташкилотчилари бири, ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши бўлим мудири Шоҳиста Толипова.

Ҳакамлар Ҳайъатининг хулосаларига кўра, Олтиариқ туманидан “Ғоффоржон нурли келажак” фермер хўжалиги раҳбари Орзухон Нурбоева вилоят босқичи ғолиби деб эътироф этилиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Мазкур фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида фаолият юритиб келади. 2020 йил давлат дастури орқали Германия давлатидан 32 бош наслдор моллар олиб келган. Фермернинг режали катта. У келгусида иш фаолиятини кенгайтириб, сутни қайта ишлашни ҳам йўлга қўймоқчи.

Танлов ғолиблари ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

матбуот котиби.

  • Кўрилди
    647
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+