Янги марралар сари чорлов

18.08.2021, 15:09

Янги марралар сари чорлов

"Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" деб номланган мазкур интервьюда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган йиллари, бугунги шиддатли ўзгаришлар жараёни, глобал дунёдаги воқеликка теран муносабати ортиқча пафосларсиз, содда, оддий, халқчил тарзда, кенг қамровда очиб берилган. Интервьюда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларига дахлдор масалалар, мазкур йўналишларда қўлга киритилган ютуқлар муаммолари билан бирга батафсил баён этилгани аҳамиятга молик.

“Келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган ўзбек халқи ҳам 1991 йил 31 августда муқаддас орзусига эришди – жонажон Ватанимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди. Насиб этса, яна саноқли кунлардан кейин ана шу қутлуғ сананинг 30 йиллигини улкан шодиёна сифатида кенг нишонлаймиз”, деди Юртбошимиз суҳбат аввалида.

Ҳа, Истиқлолнинг дастлабки йилларида қанчадан-қанча залворли муаммоларга дуч келинди. Уларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қилинган бўлса-да, барибир ҳаёт дегани ҳар лаҳзада янги муаммони жамият олдига кўндаланг қўяверади.

Айниқса, кейинги беш йиллар давомида одамларни ўйлантираётган муаммоларни пухта ўрганиш, турли долзарб масалаларга ўз вақтида ечим ва йўл топиш, аҳолини қийнаётган камчиликларни ҳал этиш масаласига устувор эътибор қаратилмоқда. Халқ билан мулоқотнинг энг мақбул ва кенг қамровли механизми йўлга қўйилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассамлиги яққол намоён бўлмоқда.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган тамойилларга риоя этган ҳолда дунё билан ҳамқадам бораётган, ўз халқи учун эса   эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат жаҳон кўз ўнгида акс этмоқда.

Интервьюда Президентимизнинг “...бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур...” деган сўзлари уни ўқиган ҳар бир ҳамюртимизнинг қалбига кириб бориш билан бирга, собитқадамлик билан меҳнат қилишга ундайқеради, десак муболаға бўлмайди.

Ҳа, кейинги йилларда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий жабҳаларда туб ўзгаришлар юз бермоқда. Миллий адабиётимиз, китобхонлик фаол қўллаб-қувватланмоқда. Адабиёт, маънавият ривожига ҳисса қўшган фидойи устоз ёзувчи ва шоирларимиз, адабиётшуносларнинг ибратли ижоди фаол ўрганилмоқда. Сўз санъатига меҳри баланд ёшлар учун атоқли ёзувчи ва шоирлар номидаги ижод мактабларининг фаолияти кенг йўлга қўйилди. Халқни ориф, саодатли кўриш истагидаги маърифатпарвар боболарнинг хотирасига ҳурмат ва эътибор янада кучайди.

Ҳаётга катта орзулар билан кириб келаётган ёшлар учун тобора кўпроқ имкониятлар яратилмоқда.Уларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш, ўқиши, маънавиятининг тўғри шаклланиши,тадбиркорлик кўникмаларига, меҳнат бандлигини таъминлаш йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда. Айни пайтда кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини кучли ижтимоий ҳимоялаш борасида катта ташаббуслар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.

Мамлакатимизда туб ижобий ўзгаришлар кириб бормаган, ислоҳотларга юз бурмаган соҳанинг ўзи қолмади. Буларнинг бари пандемия шароитида кечаётганини ҳисобга олсак, вазиятнинг нақадар мураккаблиги кўз ўнгимизга яққол келади.

Одамларнинг дардини ўрганиш, уларнинг муаммолари билан ишлаш, халқ билан халқчил мулоқот ўрнатишга оид эзгу амалиёт хорижий давлатлар учун ҳам ўрнак олишга, тақлид этишга арзирли ибрат бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди. Аҳамиятлиси, камчиликлардан кўз юмилмаяпти, улар яширилмаяпти, бори борича айтиляпти. Шу билан бирга, ечим йўллари ҳам тезкор белгиланмоқда.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" номли интервьюси қайта-қайта ўқиб-ўрганадиган, маъно-мазмуни устида теран мушоҳада юритадиган, кенг қамровли, ўзига хос дастуриламалдир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Президентимиз таъкидлаганларидек, жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, фидойилик билан Янги Ўзбекистонни янги марралар сари дадил одимлашига ўз ҳиссамизни қўшаверамиз.

Нафисахон Элчиева,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти

Кенгаши депутати,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти

Кенгаши котибият мудири.

  • Кўрилди
    438
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+