Бюджет маблағлари қандай мақсадларга сарфланди?

26.08.2021, 16:18

Бюджет маблағлари қандай мақсадларга сарфланди?

2020 йил бутун дунё мамлакатлари учун иқтисодий ўсишдан бир қадар ортда қолиш йили бўлди, десак муболаға бўлмас. Сабаби, COVID-19 пандемияси тарқалиши натижасида юзага келган глобал иқтисодий инқироздан сўнг кўплаб мамлакатларда тикланиш оғир кечмоқда.

Масалан, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида Қозоғистон ЯИМи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан атиги 2,2 фоизга, Россияда ЯИМ 4,6 фоизга ўсган бўлса, Қирғизистонда ЯИМ 1,7  фоизга қисқарган. Мамлакатимизда эса жорий йилнинг олти ойида ялпи ички маҳсулот ҳажми 318,5 триллион сўмни ташкил этди.

Шу ўринда давлат бюджети даромадларининг ижросига назар солсак. 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 74,9 триллион  сўмни ташкил этиб, белгиланган 69,4 триллион сўм прогноз 107,8 фоизга ёки 5,4 триллион сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 триллион сўмга кўп бўлди.  

Эътиборлиси, барча соҳаларда давлат бюджети даромадлари карантиндан сўнг мутлақо тикланди. Савол туғилади: хўш, бугун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш қай йўсинда олиб борилмоқда?

Айтиш жоиз, бу бўйича мустақиллик оширилди, бюджет ижросини марказга боғлиқлигини кескин камайтириш жараёнлари чуқурлаштирилди, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминланиб, маҳаллий ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишдаги масъулияти ва жавобгарлиги оширилди.

Хусусан, маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш бўйича Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган амалий чора-тадбирлар натижасида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий бюджетларнинг даромад кўрсаткичи 2 639 миллмард сўм ортиғи билан бажарилди.

Бир сўз билан айтганда, жорий йилнинг январь-июнь ойлари натижаларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсган ҳолда, ўтган йилги пандемиядаги инқироздан кейин аста-секин тикланмоқда ва барқарор ўсишга қайтмоқда.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    452
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+