Суғориладиган ерларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилган шахслар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади

03.11.2021, 15:47

Суғориладиган ерларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилган шахслар тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади

2021 йил 3 ноябрь куни АОКА анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги мутасаддилари иштирок этишди.

Таъкидланишича мазкур тарихий Президент фармонида ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар белгиланди. Хусусан:

-     ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилди. Мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилди.

-     ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиёти бутунлай бекор қилинди;

-      Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига – хусусий мулк қилиб сотиш, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерларни ҳамда хорижий шахсларга – ижара ҳуқуқини электрон аукционда сотиш белгиланди;

-      айрим тоифадаги шахсларга (ҳарбийлар, кам таъминланган оилалар, турар жойи бузилишга тушганлар) ерларни тўғридан тўғри ва бепул бериш ўрнига аукциондан ер сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш тизимини жорий этилди;

-     жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ерларни ҳақ эвазига хусусийлаштиришга рухсат берилди; 

-     энг яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали камида 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига Ҳукумат қарори билан ижарага ер бериш (бунда инвестор лойиҳа суммасининг камида 10 фоизини олдиндан депозитга қўйиши лозимлиги) тартиби ўрнатилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишда янги тартиб жорий этилди. Бунда ерни барча фуқаро ва ташкилотларга очиқ танлов асосида бериш, танловсиз ер бериш фақат Ҳукумат қарори асосида амалга оширилади.

Фармон асосида ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назорат кучайтирилди. Хусусан, туман ҳокимларининг ер ажратиш бўйича ваколатини тўлиқ бекор қилинди, қишлоқ хўжалиги ери ижараси бўйича очиқ танлов якунини вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади ва ижара шартномасини электрон шаклда тузилади, ернинг жойлашув харитасини “Иннола” ва “AрсГИС” дастурларида шакллантирилади, ерга бўлган ҳуқуқни автоматик тарзда кадастр рўйхатидан ўтказилади.

Бундан ташқари вилоят ҳокимининг ер бўйича қарорларини адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва ҳокимнинг айни бир қарори билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш ва бошқа шахсга ажратишни тақиқланади.

Таъкидланишича Фармонга кўра, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ҳам кескин кучайтирилди.

Жумладан:

- ноқонуний эгалланган ерлар тўғрисида хабар бермаслик, уларда қурилган иморатларни коммуникация тармоқларига улаб берганлик учун янги маъмурий жавобгарлик киритилди;

– суғориладиган ерларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилган шахсларни тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади (амалда жавобгарлик маъмурийдан кейин белгиланган);

– ер соҳасида барча маъмурий жарималарни тайинлаш ваколатини кадастр органларига ўтказилади;

– ерни ноқонуний сотганлик учун янги жиноий жавобгарлик киритилди.

 Маълумот учун: 2021 йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кадастр идоралари томонидан “YERELEKTRON” ахборот тизимига 54 474 та 22 045 гектар бўш ер участкалари киритилди.

Шундан ваколатли органлар томонидан:

–14 567 та ер участкалари рад этилди;

–24 686 та ер участкалари кўриб чиқилмоқда;

–15 839 та ер участкалари бўйича ижобий хулоса берилиб, “e‑auksion” орқали аукционга чиқарилди.

Аукционга чиқарилган 6008 та 444 гектар ер участкалари аукционда сотилди.

Жорий йил 1-октябр ҳолатига 20 462 та ер участкалари бўйича аукцион савдолари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    1110
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+