Қайта тикланувчи энергия манбалари кўпайтирилади

22.11.2021, 19:51

Қайта тикланувчи энергия манбалари кўпайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Маълумки, нефть, газ каби анъанавий энергия манбаларининг захираси чекланган. Қолаверса, уларнинг табиатга зарари ҳам кўп. Шу боис ривожланган давлатлар “яшил” энергетикага ўтмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар нафақат бугун, балки келажак учун жуда муҳим.

Мамлакатимизда ҳам бу борада катта ишлар бошланган. 2019 йил 21 майда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида” қонун қабул қилиниб, соҳа ривожига асос яратилди. Хорижий инвесторлар жалб этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Жорий йил августда Навоий вилоятида юртимиздаги илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Келгуси ойда Самарқандда яна бир шундай станция фойдаланишга топширилади.

Умуман, 2022-2024 йилларда 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига, жами қуввати қарийб 3 минг мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш режалаштирилган.

Яқинда Шотландиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтган иқлим бўйича халқаро саммитда Ўзбекистон 2030 йилгача иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бир бирлигига тўғри келадиган улушини 2010 йилга нисбатан 35 фоизга камайтириш ташаббусини эълон қилди. Бунинг учун барча асослар бор. Хусусан, 2026 йилга қадар мамлакатимизда қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 8 минг мегаваттга етказиш чоралари кўрилади.

Йиғилишда ушбу мақсад йўлидаги вазифалар, лойиҳаларни амалга оширишнинг молиявий ва ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Келгуси йилда Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида жами 900 мегаваттли яна 5 та қуёш электр станциясини барпо этиш бўйича инвесторлар танлови якунланади.

Давлатимиз раҳбари, аввало, шу лойиҳаларга эътибор қаратиб, уларни ўз вақтида ишга тушириш юзасидан кўрсатмалар берди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигига халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Президентимиз йирик саноат корхоналари ҳам ўз таъминоти учун қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш кераклиги айтилди.

Келгусида қуриладиган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш учун бутловчи қисмлар ва материалларни юртимизда ишлаб чиқариш орқали ҳам лойиҳаларни арзонлаштириш, ҳам маҳаллий корхоналар учун бозор яратиш мумкин. Шу боис бундай маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бўлажак электр станцияларини сифатли ишлатиш учун малакали муҳандис ва ходимлар ҳам зарур. Давлатимиз раҳбари бу ишларни ҳозирданоқ бошлаш муҳимлигини таъкидлаб, Навоий шаҳрида кадрлар тайёрлаш марказини ташкил этиш, олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида янгилаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Йиғилишда Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси тақдимоти ўтказилди.

  • Кўрилди
    72
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+