Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича янги тизим белгиланди

25.11.2021, 08:23

Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича янги тизим белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь куни мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги кластер тизими асосида ривожлантирилмоқда. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик кластерлари сифат ва даромад жиҳатидан изчил ўсмоқда.

Мева-сабзавотчиликда ҳам кўплаб кластерлар ташкил этилган. Лекин натижалар мавжуд салоҳият даржасида эмас. Масалан, бу тармоқда экспорт миқдорини ҳозирги 1 миллиард 200 минг доллардан 5 миллиард долларга кўпайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, бугунги кунда Асака, Ангор, Денов, Жомбой, Самарқанд, Олтиариқ, Қува, Юқори Чирчиқ, Янгиқўрғон туманларидаги мева-сабзавотчилик кластерлари 20-25 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда.

Йиғилишда шу борадаги имконият ва муаммолар, ҳосилдорлик ва бандликни ошириш чоралари муҳокама қилинди.

– Илгари пахтачиликда фақат хомашё сотардик. Котировка энг яхши бўлган йилда даромад 1 миллиард доллар атрофида бўларди. Мана, ҳозир пахтани ўзимизда қайта ишлаб, 3 миллиард долларга чиқдик. Бу фақатгина экспорт кўрсаткичи. Бу соҳада ҳали қанча иш ўрни, ойлик, солиқ бор. Ишни тўғри ташкил этиб, мева-сабзавотчиликда ҳам шундай натижа қилиш мумкин. “Оёғимизнинг тагида” имконият турибди, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис мева-сабзавотчилик кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиликни ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди.

Унга кўра, шу йил 1 декабрдан бошлаб, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун кластер, фермер ва банк ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Кредитлар бир йилга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, 14 фоиз ставкада ажратилади.

Кластерларга аҳолидан маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик “револьвер” кредитлар ҳам берилади. Яъни, кластер қачон зарур бўлса, маблағ олади ва фоизини кредитдан фойдаланган давр учун тўлайди.

Ушбу мақсадлар учун жами 2 триллион сўм йўналтирилади.

Кичик интенсив боғ, узумзор ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 14 фоизлик имтиёзли ставкада 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Бунга халқаро молия ташкилотларининг 100 миллион доллар маблағи йўналтирилади.

Яна бир қўллов – экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Мутасадди вазирликларга мазкур тизимни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кеча, 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда келгуси йили пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши белгиланди.

Бу майдонлар очиқ электрон танлов ўтказиш орқали, 10 сотихдан 1 гектаргача ўлчамда, 10 йил муддатга ижарага берилади.

Давлатимиз раҳбари бунда яратиладиган иш ўрни ва деҳқончилик тажрибаси асосий мезон бўлишини, эҳтиёжманд аҳолига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.  

Бундай хўжаликлар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ҳам берилади. Лекин ердан оқилона фойдаланилмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.

Мутасаддиларга ушбу тартиб асосида ерларни очиқ танловга чиқариш, кадастр рўйхатидан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Юртимизда аҳоли ихтиёрида 500 минг гектар атрофида томорқа мавжуд. Уларда маҳсулот етиштиришга кўмаклашиш учун келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Бу маблағ оилавий тадбиркорлик дастури асосида, имтиёзли шартларда берилади.

Томорқа хизмати корхоналарига ҳам 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Самарали ишлаётган шундай корхоналар негизида томорқа хизмати кластерлари ташкил этилади. Уларда кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш каби хизматлар жамланади.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилиб, уларга субсидия берилади.

Экинларни сув билан таъминлаш ҳам долзарб масала. Шу боис сув бориши қийин томорқалар ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январгача узайтириладиган бўлди.

Хонадонда товуқ, қуён ва чорва боқиш – тўқлик, тўкинлик манбаи. Бундай оилада энг зарур кундалик маҳсулотлар доим бўлади. Шу боис йиғилишда хонаки парранда наслчилигини ривожлантириш, ҳар бир туманда ветеринария хизмати ва кичик инкубаторлар ташкил этиш, озуқа етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туманларда мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилиши белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари сўзга чиқди.

  • Кўрилди
    59
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+