Хусусийлаштириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди

21.01.2022, 09:28

Хусусийлаштириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 январь куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда соҳадаги ишлар аҳволи ва келгуси режалар танқидий муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқланди.

Жумладан, нефт-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино бор. Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай турибди.

Йиғилишда бу борада сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши белгиланди, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Жорий йилда соҳадаги ишларни фаоллаштириб, натижадорликни икки баробар ошириш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкин. 

Шу билан бирга, хатловни давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Носоҳавий, самарасиз ва бўш турган активларни аниқлаш ҳамда очиқ савдоларга чиқаришга вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.

Йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтилди. 

– Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, Бош вазирга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

“Фарғонаазот”, “Бектемир спирт заводи”, “Қўқон биокимё”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Кварц”, “Хайят” каби йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди. 23 та акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бўш турган бинолардан фойдаланишнинг яна бир усули – ижара. Йиғилишда бу борадаги имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ҳудудлар ва тармоқлар тасарруфидаги давлат мулклари ижараси ҳисобига жорий йилда 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Бундан буён, уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланди. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. 

Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида 2022 йил хусусийлаштириш дастури тасдиқланадиган бўлди.

  • Кўрилди
    653
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

zafar2022-01-28 09:50:12

Шу селектр егилишидаги масалалар хозирги кунда жуда актуал, масалан Building Print МЧЖ Бизларнинг корхоналаримиз 13 йилдан ортиқ Тошкент шаҳар Навоий кўчаси 40 уй манзилида ҳар йили тузиладиган уч тарафлама ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатади. Шу шартнома иштирокчилари Ижарага берувчи тараф (“Бўш турган бино иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази” Тошкент шахар бошкармаси), Ижарачи «Building Print» МЧЖси, ва Балансда сақловчи АЖ «Ташгипрогор», ҳар йилга янгидан шартнома тузилади. 2008 дан 2020 йилгача тузилган ижара шартномалари бўйича ҳеч қандай муаммолар бўлмаган. Лекин 2020 йилдан бошлаб Балансда сақловчи АЖ «Ташгипрогор», рахбариятига янги сайланган рахбар Музафаров Ўринбой деган жаноб Навоий кўчаси 40 уй манзилида бизнинг Корхонамиздан ташқари бошқа Ижарачиларга ҳам қарши ноқонуний важлар билан шу манзилдан чиқариб юбориш мақсадида доимий босим ўтказяпти. 2021 йилнинг охирида яна ўша саргузашлар янгидан бошланди, галдаги бахона АЖ «Ташгипрогор» 2021 йил 30 сентябрда АЖ Кузатув кенгаши мажлисида чиқарилган қарор асосида ҳамма Навоий 40 АЖ «Ташгипрогор» биносида фаолиятига ўхшаш фаолият кўрсатаётган Ижарачиларни келгуси 2022 йилга ижара шартномасини тузмаслик масаласини АЖ директорига юклатилганлигини важ қилиб кўрсатишмоқда. АЖ фаолиятига ўхшаш фаолият кўрсатаётган Ижарачилари билан келгуси шартнома тузмаслик сабабини сўраганимизда; - ўхшаш фаолиятидаги корхоналар «Ташгипрогор»га рақобат кўрсатиб ҳамма мижозларни буюртмаларини олиб кўйиб, АЖ ни иқтисодий танг ҳолатга тушишга Асосий сабабчилар бўлганмиш. Биринчидан АЖ «Ташгипрогор»нинг ички қарорлари ва фармонлари бошқа мустақил иш юритаётган тадбиркорлар фаолиятига чеклашга қайси Ўзбекистон давлат қонунлари асосида килинаётганлигини Икинчидан АЖ «Ташгипрогор» фаолият тури ОКЭД бўича 71110 кодига тўғри келади яъни Меъморлик фаолияти, лекин “Building Print” МЧЖси ОКЭД бўича 18130 кодига тўғри келади яъни Полиграфия фаолияти ва шу фаолияти учун Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлигидан 10-4043 сонли лицензиясига эга шунга асосан бизнинг корхона фақат полиграфия саноатига тўғри келадиган хизматларни амалга оширади ва ҳеч қачон 13 йилик фаолияти давомида Лойихалаш фаолияти билан шуғулланмаган. Шу сабабли АЖ «Ташгипрогор» ва “Building Print” МЧЖси фаолиятини ўхшаш дейишга ўрин йўқ. Учинчидан; Навои 40 уй манзилида жойлашган бинолар АЖ «Ташгипрогор» ни мулки эмас, яъни Ижарага берувчи эмас, фақат Балансда сақловчи ва 13.04.2021 йилги 2020/09-21 сонли, Ижара шартномасидаги Балансда сақловчининг хуқук ва мажбуриятлари ичига фақат хўжалик ва коммунал ҳолатига жавобгар деб белгиланган. Ва юқоридаги айтилган Ижара шартномаси 4.3.4 бандига асосан Ижарага олувчи яъни “Building Print” МЧЖси -ўз мажбуриятларини зарур тарзда бажарганда янги муддатга ижара шартномасини тузишда устунлик хуқуқига эга, деб ёзилган. Ўзбекистон Республикасининг Фуқоролик кодексни 553 моддасида Янги муддатга мулк ижараси шартномаси тузишда олдинги ижарага олувчининг имтиёзли ҳуқуқлари ичида юқоридаги ёзилган ва бошқа имтиёзлар айтиб ўтилган Тўртинчидан; Ҳозирги АЖ «Ташгипрогор» ижтимоий ва молиявий танг ҳолатига тушиши авваламбор раҳбарияти яъни Директор Музафаров Ўринбойни замонавий ишчан - молиявий ва бошқарув қобилияти, иш тажрибаси йуқлиги, - охирги икки йилда 100 тадан ортиқ малакавий ҳисобчи, мухандис, архитектор ва бошқа катта ва кичик ходимларни ишдан бўшаб бошқа корхоналарига ўтиб кетиши яқол далилдир. Шу сабабли катта Олти қаватли бино ярмисидан кўп хоналар бўш яъни 40-70м2 хонада 1та дан 3та гача ходимлар эгалаган, негаки АЖ «Ташгипрогор» Балансда сақловчи бўлиб, хеч канча ижара тўловларини тўламайди ва бемалол давлат мулкини самарасиз ишлатаверади. Шу холат бўйича бир неча давлат органларига (Ўзбекистон Республикасининг (Бош Вазирини тадбиркорлар мурожатини Куриб чикиш виртуал кабулхонасига, Бўш турган бино иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказига, Шайхонтохур прокурорига,) хар бир мурожатимиз ижобий халк килинмаябти хар биттаси бизни конунни бизмаганлигимизни ва шу йилга ижара шартномаси тузишга хаклилигимизни тақидлаябди лейкин АЖ «Ташгипрогор», директори Музафаров Ўринбой бу нарсани кабул килмай АЖ кузатув кенгаши карори манга энг мухим бажаришим керак деб, Президент карорларини ва конун хужатларни менсимаябди . Хозирги кунда «TEHNIKA LOYIHA» МЧЖси, «TEHSIS LOYIHA» МЧЖси, “BUILDING PRINT” МЧЖси ва «INVEST PROEKT SERVIS » МЧЖси ижарачиларни бинога киритилмаябти екий электр тармоклардан узуб кўйиб иш фаолиятини тўхтатиб қўйган. Юқорида келтирилган важларни инобатга олиб сиз тарафдан - АЖ «Ташгипрогор» директори Музафаров Ў. тарафидан ҳар хил ноқонуний бахоналар билан эгалаб турган хоналаридан чиқариб юбориш ҳаракатларини тўхтатишни Ўзбекистон Республикаси конунлари асосида тамирлаб беришингизни; - Навоий кучаси 40 бинода жойлашган Ижарачиларга, эгалаб турган жойларига, 2022 йилга тайорланадиган ижара шартномаларини тузишга, ва иш фаолиятимизни нормал давом этиришга имконият беришингизни сўраймиз. Хурмат билан Building Print МЧЖси Директори Зафар Рузиев Тел: 93/388-05-77


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+