Хотин-қизлар учун улкан имкониятлар белгиланди

02.03.2022, 09:16

Хотин-қизлар учун улкан имкониятлар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Халқимиз тарихида буюк алломалар, жаҳонгир боболаримиз қаторида, бундай инсонларни дунёга келтириб, тарбиялаган, улуғвор ишларга руҳлантирган фозила аёллар ҳам кўп бўлган. Бугун ҳам хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик кўрсатмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди.

2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинди. Натижада, ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Умуман, 2020 йилдан бошлаб, “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилган.

Йиғилишда бу борадаги навбатдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”да 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатда турибди, улардан 200 минг нафари ишсиз. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари, афсуски, ҳали ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари бу муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва нуронийларнинг ўрни ва таъсири сезилмаётганини айтди.

– Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу мақсад мамлакатимизнинг тараққиёт стратегиясида энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Уларнинг ижросини тизимли тарзда, ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди.

Қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар бошқармалари раҳбарлари эса, ҳоким ўринбосари ҳисобланади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармаси мазкур қўмита томонидан бошқарилади. Юртимиздаги 9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади ҳамда ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади.

– Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, хотин-қизлар масалалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида эди. Алоҳида қўмита тузилиши муносабати билан, бу вазирлик ҳам Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.

Бу соҳада ҳам янги тизим яратилиши белгиланди. Жойларда бу вазифа бевосита ҳокимларнинг зиммасига юклатилади, ҳоким ўринбосари лавозими қисқартирилади. Маҳалла раиси ўз ҳудудида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳамжиҳатликда ишлашни таъминлайди.

Шунингдек, Халқ қабулхоналарининг вазифалари ҳам энди шаҳар ва тумандан маҳалла миқёсига тушади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Бу мақсадлар учун жорий йилда бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.

Аёлларнинг уй-жой шароитини яхшилаш масаласига тўхталар экан, Президентимиз шундай деди:

– Бир вақтлар аёлларга имтиёзли уй беришга имкон йўқ эди, бунга қонуний асос, маблағ йўқ эди.

Йиғилишда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши белгиланди.

Уларнинг саломатлигини тиклаш бўйича ҳам аниқ тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланади. 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. Шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши Президентимизни ҳамиша ўйлантирадиган масалалардан бири. Бу йиғилишда ҳам улар учун таълим шароитларини кенгайтириш бўйича тарихий қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Дастур доирасида, пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бунинг учун, жорий йилда банкларга 1 триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм маблағ ажратилади. 

Яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.

Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш, аёлларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиш бўйича кўрсатмалар берилди.

2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар берилади.

Давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд хотин-қизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Улар учун кўплаб солиқ ва савдо имтиёзлари белгиланди.

Йиғилишда аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда тазйиқ ва зўравонлик учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади. Лекин, ундан кейинги тизим бўшлиқ бўлиб қолган.

Шу боис, энди аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан таъминланиши, алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача белгиланиши айтилди.

Оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш ҳам бугунги кундаги долзарб масалалардан.

Президентимиз бу борада обрў-эътиборли, билимли хотин-қизлардан иборат “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил қилиш таклифини билдирди.

– Бу ҳаракат “маҳалланинг виждони”га айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Фаол аёллар, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдирди.

  • Кўрилди
    1623
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Madina2022-05-05 20:47:27

Yurtboshimiz omon bo'lsinlar olloh umrlarini ziyoda qilsin biz ayollarga qaratayotgan etiborlari uchun rahmat yoshim 30 da ikki nafar qizim bor ikkinchi qizimni nogironligi bor bu qarorlardan keyin hayotimga yorug'lik kirganday bo'ldi nasib qilsa buyil talaba bo'laman inshaolloh


Сапарова Сохиба Авазхоновна2022-04-16 16:41:28

Махаллага хотин қизлар фаоли очиқ овоз бериш йўли билан, хақиқатдан хам кўпчилик овози билан танланган аёл қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди


Сапарова Сохиба Авазхоновна2022-04-16 16:38:59

Албатта бундай яхши янгиликлар ва Имкониятлар биз ўзбек аёлларини хурсанд қилмоқда. Мен хам махалламдаги хотин қизлар фаоли сифатида ишлашни ўз олдинга мақсад қилиб қўйдим. Агар номзодим Ижобий қабул қилинса, ишлаш учун, махалламда хотин қизлар масалалари бўйича фаолияти олиб боришни чин дилдан хохлар эдим. Мухтарам Президентимизга рахмат.


Ziyoda toraboeva2022-04-14 11:06:48

Assalomalekum yurt boshmizni umrlari uzoq bolsin xamisha bizga bosh bolib yursinlar bizga berilayotkan imkonyatlardan unumli foydalanamiz ayol qadri borligi enndi endi yuzaga chiqqanidan xursandmiz


MADINA 2022-04-12 16:09:08

BOR BO'LSINLAR UMRILARI UZOQ BOLSIN 2012 YILDA KONTRAKT ASOSIDA O'QISHGA KIRGANMAN LEKIN SHAROIT BO'LMAGAN KRIDIT 1-KURSDA BERILMAGAN NASIB BO'LSA BU YIL KIRAMIZ


Сурайе манапова2022-03-26 13:21:21

Аеларни уйлаб янги карорлар чикаргани учун призидентмизга Минг рахмат бахтимизга мог булсинлар


Zebiniso 2022-03-07 23:44:59

Juda yaxshi qarorlar qabul qilinibti. Bunday katta imkniyatlar yaratib berayotga yurtboshimizga mingdan ming rahmat.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+