Март ойидаги совуқ ва ёғингарчилик мева-сабзавотларга қандай таъсир қилди?

07.04.2022, 09:58

Март ойидаги совуқ ва ёғингарчилик мева-сабзавотларга қандай таъсир қилди?

Мевали боғларнинг куртак новдалари қисман зарарланган, узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига совуқ таъсир қилмаган.

Жорий йил март ойида республикага совуқ ва нам ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида ҳароратнинг кескин пасайиши ҳамда ёғингарчилик кўп кузатилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари томонидан ноқулай об-ҳаво шароитининг таъсирига оид дастлабки ўрганиш натижалари маълум қилинди. Уларга кўра совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Мамлакатимиздаги узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига эса совуқ таъсир этмаганлиги аниқланди.

Вилоятлар кесимида олинган маълумотлар таҳлили қуйидагича:

Фарғона водийсида ўрикнинг эртапишар навлари Андижон вилоятида 19 фоиз, Наманганда 10 фоиз ва Фарғонада 18 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Наманганда 2,4 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари Андижонда 17 фоиз, Наманганда 19 фоиз ва Фарғонада 23 фоиз;

Жанубий ҳудудларда, хусусан Қашқадарё вилоятида гилоснинг эртапишар навлари 9 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари 9 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари 15 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари 18 фоиз;

Марказий ҳудудларда ўрикнинг эртапишар навлари Бухоро вилоятида 6,7 фоиз, Жиззахда 17 фоиз, Навоийда 19 фоиз, Самарқандда 10 фоиз, Сирдарёда 17 фоиз ва Тошкентда 10 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Навоийда 6,5 фоиз ва Тошкентда 2,4 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари Навоийда 8 фоиз ва Самарқандда 5 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари Сирдарёда 3 фоиз ҳосилли майдонга нисбатан зарарланганлиги аниқланди.

Шимолий ҳудудлар Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Републикасида ушбу мевали дарахтлар зарарланмаган.

Илмий манбаларга кўра, дарахтларнинг совуққа чидамлилик даражаси мева тури ва навининг биологик хусусиятига боғлиқ. Шу сабабли, мевали боғларнинг турлари ва навларига қараб, жорий йил апрел-май ойида дарахтларнинг ҳосил тугиш (ғўралаш) фазасида кутилаётган ялпи ҳосилдорлик бўйича апробатсия ўтказилади ва ҳосил етиштириш ҳажмлари белгилаб олинади. Таъкидлаш керак, бугунги кунда аграр соҳа олимлари томонидан эрта гуллаб пишадиган ва совуққа чидамли навларни яратишда илмий ишлар олиб борилмоқда.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, совуқ об-ҳавонинг экниларга таъсирини камайтириши мақсадида тун-у кун ишлайдиган штаб ташкил қилинган. Унинг таркибига 67 нафар олим ва мутахассислар бириктирилган.

  • Кўрилди
    159
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+