Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти: янги ташаббуслар, қулайлик ва енгилликлар

23.08.2022, 16:58

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти: янги ташаббуслар, қулайлик ва енгилликлар

Президент Шавкат Мирзиёев 22 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Давлатимиз раҳбари, аввало, ўтган йилги учрашувдан бери бажарилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Жумладан, бизнес муҳит яхшилангани натижасида ўтган бир йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан ортиқ бизнес учун бинолар қурилган. Тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтага етган. Яна минг нафари товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказган, 220 нафарининг тушумлари эса 100 миллион долларга етган. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингта бўлган, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайган.

Ушбу, навбатдаги мулоқот арафасида ҳам “колл-марказ” ташкил этилди ва тадбиркорлардан 12 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларда шахсий ёки маҳаллий муаммолар билан бирга тизимли масалалар ҳам кўтарилган. Улар бўйича энг мақбул йўлларни топиш учун таҳлилий иш олиб борилиши қайд этилди.

Президент бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтиб, уларнинг ҳар бири бўйича кўплаб ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи йўналишда корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувлар белгиланди.

Хусусан, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган корхоналар – микро бизнес, 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес ва 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.

Шундан келиб чиқиб, 2023  йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига, ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди. Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгиллик яратади.

Юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланиб, улар учун қатор солиқ ва компенсация имтиёзлари белгиланди.

Ўтган йилги очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбари бизнес учун солиқ юкини камайтириш сиёсатини давом эттиришга ваъда берган эди. пандемия келтирган иқтисодий қийинчиликларга қарамай, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилиши маълум қилинди.

Тадбиркорлар учун яна бир енгиллик. Жорий йил 1 июлдан бошлаб, бўш бино ёки фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинган эди. Президентимиз тадбиркорларнинг шу тарзда илгари ошириб ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан ҳам воз кечилишини айтди.

Иккинчи йўналиш қулай молиялаштириш тизимига оид бўлди. Шу мақсадда кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди. Бундан ташқари, тижорат банклари халқаро молия институтларидан ҳам маблағлар жалб этади.  

Тадбиркорлик жамғармаси томонидан кафиллик бериш имкониятлари қўшимча 2 баробарга оширилади. Натижада камида 15 минг нафар тадбиркорнинг кредит олишдаги гаров масаласи  ҳал бўлади.

Алабтта, кредит  бу – масаланинг бир томони. Бизнес учун яна инфратузилма ва кафолатли бозор керак. Бу борада эса, дейлик, Тошкент вилояти билан олис ҳудудларда имконият мутлақо ҳар хил.

Шу боис учинчи йўналишда туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб, бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этиш масаласи кўрилди. Келгуси йилдан шарт-шароити бўйича барча туман ва шаҳарлар 5 та тоифага ажратилади. Уларда солиқ, субсидия, кредит фоизлари учун компенсация ва кафиллик бериш, инфратузилмага улаш бўйича алоҳида тартиблар белгиланади.

Ерни хусусийлаштириш учун белгиланган сумма, яъни ер солиғининг 20 карраси миқдоридаги тўлов Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 10 каррага, бошқа ҳудудларда 5 каррага пасайтирилади.

Тўртинчи йўналиш тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ҳимояси ҳақида бўлди. Ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш, тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйишни фақат суд ҳал қилиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилади. Жумладан, маъмурий судларга ариза беришда давлат божи ставкаси 2 баробар камайтирилади. Тадбиркорларнинг солиқ идоралари қарори устидан судга шикоят киритиш муддати ҳозирги 1 ойдан 3 йилгача узайтирилади.

Бешинчи йўналишда тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Аввало, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Келгуси йилдан 26 та идоранинг такрорланувчи назорат функциялари бекор қилиниши айтилди.

Давлатимиз раҳбари солиқ текширувларига оид жарималар тури кўплиги ва оғирлиги бўйича жуда кўп мурожаатлар бўлганига эътибор қаратди.

Мисол учун, ойига ўртача 1 миллион сўм солиқ тўлайдиган кичик тадбиркорларга 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий жарима қўлланмоқда. Яъни, кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.

Президент барча турдаги текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши, жарималар миқдори тадбиркор тўлаётган солиқ миқдоридан ошмаслиги кераклигини таъкидлади.

Умуман, энди савдо соҳасида ишлайдиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо барҳам топади – яъни савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади.

Адлия вазири ва Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг таклифларини чуқур ўрганиб, текширувлар муддатларини қисқартириш, молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

 Мулоқотда тадбиркорларни маънавий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Давлатимиз раҳбари кўп иш ўринлари яратган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган, эл-юрт орасида обрў қозонган бизнес вакиллари меҳнатини эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш таклифини билдирди.

Савдо-саноат палатаси фаолиятини такомиллаштириш зарурати ҳам кўрсатиб ўтилди. Энди унинг вазифа ва ваколатлари кенгайтирилади. Хусусан, ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш, тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ваколатлари берилади. Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади ва тадбиркорлар манфаатининг чинакам ҳимоячисига айланади.

Ушбу очиқ мулоқотда айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилиши белгиланди.

Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев юртимиз ишбилармонларини Тадбиркорлар куни билан яна бир бор табриклаб, фаолиятларига муваффақият тилади.

– Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ғоят муҳим ва ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, инновацион фикр ва ёндашувингиз бугун  ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва бу ўринда сиз барча соҳа вакилларига ўрнак бўлишингизга ишонаман, – деди давлат раҳбари.

  • Кўрилди
    989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+