Тошкент вилоятига ҳоким тасдиқланди

27.09.2022, 15:25

Тошкент вилоятига ҳоким тасдиқланди

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, улар мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади.

– Ҳаммангиз тушунасиз, бугунги таҳликали замонда яшаш, ташқи сиёсатни ҳам, ички сиёсатни ҳам барқарор қилиб, жонажон Ватанимиз манфаатини таъминлаш, халқимизни рози қилиш осон эмас. Бунинг учун ҳар куни изланиб, бор имкониятларни тўлиқ ишга солиш керак. Тошкент қадимий вилоят, табиий бойликлари, саноати, еру суви бўйича катта вилоят. Мен одамлар билан кўп учрашаман, улар ўзгаришларни сезаяпти, айтаяпти. Лекин бу ҳаракатлар давом этармикан, янада яхши бўлармикан, деган савол ҳам бор. Шунинг учун халқ билан бирга, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги корхоналар ва иш ўринларини кўпайтириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Тошкент вилояти ҳокими лавозимига Зойир Мирзаев номзодини тавсия этди.

З.Мирзаев 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Кўп йиллар молия, иқтисодиёт соҳаларида фаолият юритган. Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига раҳбарлик қилган. Бош вазир ўринбосари сифатида мамлакатимизнинг агросаноат комплексини бошқарган. У 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал очиқ мулоқот қилиб, унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Зойир Мирзаев тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризмни риволантириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича таклифларини маълум қилди.

Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, ташкилий ва молиявий жиҳатлари бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари учун бу йил қўшимча равишда 200 миллиард сўм, келгуси йил учун яна 850 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Бу соҳа паст ривожланган Пискент, Бўка, Бекобод ва Оққўрғон туманлари учун Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бериладиган кафиллик миқдори кредитнинг 75 фоизигача оширилди, 2025 йилгача солиқ имтиёзлари берилди.

Тошкент вилоятининг саноат салоҳияти улкан. Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарлари йирик саноат марказларига айланмоқда. Саноат зоналари инфратузилмасини ривожлантириш учун  250 миллиард сўм, чарм-пойабзал ва текстиль лойиҳаларига 30 миллион доллар ажратилиши қайд этилди. Ангренда фарфор ва керамика кластери, Бекобод туманида чегараолди савдо зонасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳудуднинг ер ва сув ресурслари ҳам зўр. Лекин маҳсулдорлик шунга яраша бўлмаяпти. Аслида, ишни тўғри ташкил қилиб, мева-сабзавот экспортини 2 баравар ошириш, 120 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин.

Шу мақсадда 9 минг гектарни деҳқон хўжаликларига тарқатиш, тоғолди ерларни ўзлаштириш, мева ва ток кўчатхоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Тошкент, Паркент, Янгийўл ва Қибрай туманларида ишга тушириладиган логистика марказларига 50 миллион доллар, чорвачиликни ривожлантиришга 30 миллион доллар ажратилиши айтилди.

Тошкент вилоятида 1 минг 22 та маҳалла бор. Улардаги инфратузилма ўрганилганда, 840 та маҳаллада ички йўллар, 579 тасида ичимлик ва оқова сув тармоғи, 589 тасида электр ва газ таъминоти, 396 тасида мактаб, боғча ва поликлиникани таъмирлаш кераклиги аниқланган. Давлатимиз раҳбари бу масалалар аҳоли турмуши сифати, болалар камолотида муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга топшириқлар берди.

Вилоятдаги яна бир салоҳиятли соҳа – туризм. Лекин сайёҳларнинг 80 фоизи Бўстонлиқ туманига боради. Бошқа туманларда шароит ва хизматлар паст даражада. Шу боис Паркент, Ангрен ва Оҳангароннинг тоғли жойларида туризм кластерлари ташкил этиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Нурафшонда университет очиш, кўп тармоқли тиббиёт маркази қуриш, таълим масканларини таъмирлаш вазифалари белгиланди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун 100 миллиард сўм субсидия ажратилиши, Зангиота туманида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши айтилди. “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастурини жорий этиш таклифи билдирилди.

Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режаларини муҳокама қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тошкент вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Президентимиз халқ вакиллари юксак ишонч билдирган ҳоким ўз фаолиятида адолат, ҳалоллик, фидойилик ва масъулиятни намоён этиб, Тошкент вилояти аҳлига астойдил хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

  • Кўрилди
    1026
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+