Ўзбекистон ва Венгрия Президентлари стратегик шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

05.10.2022, 15:43

Ўзбекистон ва Венгрия Президентлари стратегик шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирди, етакчилар биргаликда суратга тушдилар.

Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Халқларимизнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва ўхшаш менталитети дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Арминий Вамбери ва Исхак Ибрагим каби шарқшунос олимлар тарихий ришталаримиз ва бой маданий меросимизни ўрганишга катта ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди.  

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани таъкидланди.

Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда.

Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидладилар.

Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўринга эга. Венгрия Ҳукумати “Хунгарикум” дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани айтилди.

Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Венгрия Президентини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатимизга боришга таклиф этди.

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    246
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+