Ўзбекистон Президенти Қўшилмаслик ҳаракати саммитида халқаро аҳамиятга молик бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди

03.03.2023, 18:19

Ўзбекистон Президенти Қўшилмаслик ҳаракати саммитида халқаро аҳамиятга молик бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Боку шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг саммитида нутқ сўзлади.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ироқ Президенти Абдуллатиф Жамол Рашид, Ливия Давлати Президент кенгаши Раиси Муҳаммад Юнус Ал-Манфи, Босния ва Герцеговина Президиуми Раиси Желька Цвиянович, шунингдек, Куба вице-президенти Сальвадор Меса, Габон вице-президенти Роз Рапонда, Танзания вице-президенти Филип Мпанго ҳамда Жазоир Бош вазири Айман бин Абдураҳмон иштирок этди.

Халқаро ташкилотлар томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 77-сессияси раиси Чаба Кёрёши, БМТ бош котибининг ўринбосари Татьяна Валовая, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Нозирий, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби Қайрат Сарибай, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Ольга Алгаерова, Халқаро миграция ташкилоти бош директори Антонио Виторино, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси ва Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили қатнашди. 

Кун тартибига мувофиқ, COVID-19 коронавирус пандемияси оқибатларини енгиб ўтиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда пандемиядан кейинги глобал тикланиш даврида барқарор ривожланишнинг бошқа долзарб муаммолари муҳокама қилинди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказаётгани билан боғлиқ таҳдид ва хатарларни қайд этди. 

- Бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдори экани таъкидланди. 

Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Президентимиз Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётганини қайд этди.

- Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Кейинги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Қўшилмаслик ҳаракати доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётганини алоҳида таъкидланди.

Шуни ҳисобга олиб, Қўшилмаслик ҳаракати терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларга етакчилик қилиши лозимлиги қайд этилди. Бу Ҳаракатга аъзо барча давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон етакчиси бу муаммоларни халқаро миқёсда самарали ҳал этиш ва тизимли мувофиқлаштиришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари албатта асосий ролни бажариши лозимлиги кўрсатиб ўтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида Хавфсизлик кенгаши таркибида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши кераклиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев глобал кун тартибидаги яна бир муҳим мавзу – давом этаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатиш масаласига эътибор қаратди.

- Озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда, - деди давлатимиз раҳбари. - Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда.

Ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракати саммитлари арафасида Иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб бориш таклиф этилди.

Бундай муҳим тадбирлар инновациялар, замонавий билим ва илғор технологиялар алмашувини жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан, “ақлли” иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади. 

Ўзбекистон Президенти пандемиянинг салбий таъсирини, биринчи галда, ўсиб келаётган ёшлар ҳис қилаётганини кўрсатиб ўтди. Уларнинг сифатли таълим ва профессионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.

- Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда. Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда, - деди Ўзбекистон раҳбари.

Бу борадаги сиёсат ва режаларни уйғунлаштириш, тўпланган тажриба билан ўртоқлашиш мақсадида Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракати Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш ниятида эканлиги таъкидланди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари Озарбайжон томонини Қўшилмаслик ҳаракатига самарали раислик қилаётгани ва саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор самимий табриклади.

  • Кўрилди
    1045
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+