Сурхондарё саноати ривожланган осуда ва обод ҳудудга айланади

14.03.2023, 16:04

Сурхондарё саноати ривожланган осуда ва обод ҳудудга айланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида жорий йил 13 март куни Сурхондарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи буюк аллома Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёрати билан бошланди.

Аллоҳдан юртимизга тинчлик, хайр-барака тилаб дуо қилинди.

Уламолар билан бўлган суҳбатда илм-маърифат ривожига яратилаётган шароитлар ва диний эркинликлар ҳақида сўз юритилди. Кейинги йилларда мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди: янги масжидлар, мадрасалар қурилди, илмий-маърифий мажмуалар барпо қилингани, ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этиш бахтига мушарраф бўлишаётгани, эндиги асосий вазифа бунинг аҳамияти ва маънавиятини халққа етказиш экани таъкидланди.

Энг аввало, имом-хатиблар ҳудудларга чиқиб, Ҳаким ва Имом Термизийлар, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий ва бошқа буюк алломаларимиз меросини тизимли ва чуқур ўрганиши кераклиги қайд этилди. Бунинг учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, воҳа аҳли турли соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга эришаётганини таъкидлади.

– Шундай гўзал баҳор кунларида, улуғ айёмлар арафасида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Бугун вилоятга ҳоким қўйиб, янги марраларни белгилаб олишимиз керак. Мақсад – ислоҳотлар ижроси ва даражасини ошириш, ниятларни баланд қўйиб, шунга муносиб ҳаракат қилиш, халқ ичига кириб бориб, уларни рози қилиш, – деди Президент.

Йиғилишда ҳудуд ривожининг бугунги ҳолатига тўхталиб ўтилди. Охирги беш йилда вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Янги қурилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро гидроэлектр станцияларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, 257 та мактаб қурилган ва реконструкция қилинган, боғчалар қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етган. 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланган.

– Агар яна бир-икки йил қаттиқ ишлаб, халқимизга астойдил хизмат қилсак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига Улуғбек Қосимов номзодини тавсия этди.

У.Қосимов 1983 йилда туғилган. 2018 йилга қадар Музработ ва Денов туманлари ҳокими, 2018-2022 йилларда Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар прокурори лавозимларида ишлаб, катта тажриба орттирган.

У ўтган йил декабрдан буён Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Улуғбек Қосимов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.

Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш энг асосий вазифа сифатида белгиланди. Маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначилик орқали 60 минг, янги бизнес субъектлари ташкил қилиш орқали 4 минг аҳолини, ишсизларни замонавий касбларга ўқитиб 20 минг иш ўрни билан таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.

Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлар эрта пишади. Шу боис вилоятда сўнгги беш йилда мева-сабзавот асосий экин майдонлари 2,5 баравар кўпайтирилган. Бу йил аҳоли учун яна 8 минг 500 гектар ажратилмоқда. Деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар ошириш ва экспортни 250 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Охирги беш йилда вилоят саноатига 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 5 мингдан зиёд корхона ташкил топган. Ишлаб чиқариш 3 баравар кўпайиб, саноат экспорти 132 миллион долларга етган. Сурхондарёда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси каби янги тармоқлар пайдо бўлган.

Шу билан бирга, вилоятда ҳали фойдаланилмаган конлар ва имкониятлар кўп. Жорий йилда 292 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, саноатда импортни 50 миллион долларга қисқартириб, экспортни камида 250 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда энергетика масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСда шу йилнинг ўзида 350 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шеробод туманида 457 Мегаватт қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш бўйича режалар айтиб ўтилди.

Умуман олганда, Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Булар орқали 325 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Сурхондарёни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.

Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари белгиланган режалар энди ҳаётга кўчиши, барча ташкилотлар ҳоким атрофида бирлашиб, халққа хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз тумани Янгиобод маҳалласидаги “Termez National Carpets” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Корхона йилига 2,2 миллион квадрат метр гилам ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун Германия, Бельгия, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 150 та янги иш ўрни яратилди.

Маҳсулотларнинг қарийб ярмини экспорт қилиш режалаштирилган. Хомашёнинг 80 фоизи маҳаллийлаштирилган. Корхона ишга туширилган қисқа вақтда Озарбайжон ва Қирғизистон давлатларига 255 минг долларлик гилам ва гилам маҳсулотлари экспорт қилинди. Жорий йилда 4 миллион долларлик маҳсулотни хорижлик буюртмачиларга етказиб бериш мўлжалланмоқда.

Муҳими, корхонада муқобил энергиядан фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозир ташқи ва ички ёритиш тизими учун қуёш панелларидан фойдаланилаётир.

Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди.

Шу ерда 6 та янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш маросими бўлди. Термиз шаҳридаги “Indenim Cluster”, Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис”, Ангор туманидаги “Ангор Барака”, Термиз туманидаги “Termiz agro impeks” корхоналари, Сариосиё туманидаги қурилиш материаллари кичик саноат зонаси ва Тўпаланг гидроэлектр станцияси вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.

Термиз шаҳридаги “Indenim Cluster” масъулияти чекланган жамияти пахта толасидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 400 та янги иш ўрни яратилган.

Жарқўрғон туманидаги “Фабулло строй сервис” корхонасида йилига 75 минг куб метр автоклав газоблок ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 80 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Ангор туманидаги “Ангор Барака” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасида миллий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган. У ерда йилига қарийб 125 минг дона тайёр тикувчилик, 50 турдаги миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрланиб, минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Сариосиё туманидаги кичик саноат зонасида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. 

“Termiz agro impeks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз туманида 3 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, замонавий иссиқхона барпо этилиб, 220 кишининг бандлигини таъминлаган.

Тўпаланг гидроэлектр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида унинг умумий қуввати 175 мегаваттга етмоқда. Бу йилига 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконини беради.

Умуман, мазкур 6 та корхона 2 мингта янги иш ўрни яратиб, вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшади.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.

Президентимиз Жарқўрғон туманидаги “Камола Камолбек Қуюн” фермер хўжалигида бўлиб, экинлар ривожини кўздан кечирди, ғалла ва ғўзанинг нави, ҳосилдорлиги билан қизиқди.

Хўжаликнинг ер майдони 45 гектар. Жорий йилда ғалладан 70, пахтадан 40 центнердан ҳосил етиштириш мўлжалланмоқда. 35 киши доимий ва мавсумий иш билан таъминланган.

– Нима учун қишлоқ хўжалигида илм, инновация керак, деяпмиз? Аввало сифат ва ҳосилдорлик учун. Юқори даромад олишни хоҳлаган фермер илм билан меҳнат унумдорлигини оширишга ҳаракат қилиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш учун ишсиз аҳоли вакилларига ер берилмоқда. “Камола Камолбек Қуюн” фермер хўжалигида ҳам ижтимоий дафтарларга киритилган 34 нафар фуқарога 20-25 сотихдан ер ажратилган. Улар кўкат, картошка, пиёз, сабзи ва бошқа экинлар экиб, яхши даромад олган. Жорий йилда ҳам қўшимча 18 нафар фуқарога деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун 30 сотихдан ер майдонлари ажратилиши кўзда тутилган.

Президент шундай ер эгалари билан суҳбатлашди.

– Аҳолига ер берилиб, уруғ, ўғит масалаларида ҳам ёрдам кўрсатилмоқда. Фақат меҳнат қилиш қоляпти. Агар ҳар бир оила ўзи ҳаракат қилиб, ҳаётида ўзгариш қилса, камбағаллик ҳам, ишсизлик ҳам бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Сурхондарё иқлимида 3 мартагача ҳосил олиш мумкинлиги, аҳолига кўмаклашиб, даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги взводларидан бирига ташриф буюрди.

Маъмурий бинодаги шароитлар, чегарани қўриқлашда қўлланилаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўздан кечирилди. Давлат чегарасини қўриқлашда учувчисиз учиш аппаратларининг аҳамияти таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Афғонистон чегарасини қўриқлаш жараёни билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизда қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш билан бирга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу взвод ёнида ҳам шинам хонадонлар барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари шундай хонадонлардан бирида меҳмон бўлди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди.

– Ватанимиз ҳимоячиларининг ўз вазифаларини хотиржам бажариши, фарзандлар тарбияси сизларга боғлиқ. Турмуш ўртоқларингизга мададкор бўлиб, катта жасорат кўрсатаяпсиз. Сизлар ҳам Ватан ҳимоячисизлар, – деди Шавкат Мирзиёев ҳарбийларнинг рафиқаларига.

Ҳовлида ўйингоҳлар, спорт майдончалари, аёллар учун тикувчилик ва қандолатчилик хонаси ташкил қилинган. Болаларни мактаб ва боғчага элтиш учун автобус йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи “Термиз” дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг бригада тактик ўқувини кузатди.

Сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз тубдан ислоҳ қилиниб, қўшин турларининг қўлланилиш тактикаси ва стратегияси такомиллаштирилди. Бўлинмаларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш, жанговар ҳаракатлар ва операцияларни учувчисиз учиш аппаратлари, авиация ва артиллерия имкониятларидан кенгроқ фойдаланган ҳолда олиб боришнинг замонавий тажрибаси амалиётга жорий этилди.

Хусусан, бу жараён гуруҳ, взвод ва бригада тактик ўқувларида топшириқларни бажариш, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналарини қўллаш, авиация ёрдамида умумқўшин бўлинмаларига мадад бериш, ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида, шаҳар шароитларидаги махсус операциялар, бўлинмаларни эвакуация қилиш каби машқларда ўз аксини топмоқда.

Ушбу машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан сўнгги олти йил давомида Мудофаа тизимидаги барча дала ўқув майдонлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда халқаро талаблар асосида қурилиш ва таъмирлаш, замонавий воситалар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

“Термиз” дала ўқув майдонида ҳам Қуролли Кучлар шахсий таркибининг дала шароитида жанговар билим, кўникма ва руҳий тайёргарлигини ошириш, бригада тактик ўқувларни ўтказиш ҳамда ҳарбий санъат соҳасида изланишлар олиб бориш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилди.

Президентимиз дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.

Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейини бориб кўрди.

Ўтган йили лицей учун янги бино барпо этилган. Бу ерда ижтимоий ва аниқ фанлар йўналишларида 200 дан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу ерда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашди. Видеоалоқа орқали тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар вакиллари ҳам боғланди.

Маълумки, мустақилликка эришиш, тинчликни сақлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Халқимиз ҳам кўп синовли кунларни бошидан кечирди. Осойишта ҳаётимизни издан чиқаришга уринишлар, террорчилик хуружлари бўлди. Ботир ҳарбийларимиз жасорат кўрсатиб, ғаразли кучларга қақшатқич зарба берган. Минг афсуски, бу курашда юзлаб мард ҳарбийларимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳалок бўлган.

Учрашувда давлатимиз раҳбари уларни номма-ном ёдга олди. Бундай довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаган ота-оналарга, уларнинг умр йўлдошлари ва фарзандларига халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик билдирди.

– Эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларимизни “ҳалок бўлган” дейишга тил бормайди. Улар оиласи учун, Ватанимиз учун ҳамиша барҳаёт, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Қаҳрамон ўғлонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз, жамиятимизнинг эътиборида бўлиб келмоқда. Марҳум ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган. Уларга бағишлаб “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” деб номланган хотира китоби нашр этилган.

Президент қарори билан 2018 йилдан бошлаб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандларини олий таълим муассасаларига имтиёзли тавсиянома асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунга қадар 278 нафар ўғил-қиз шу асосда олийгоҳларга кирган.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий хизматчилар оиласига эътибор ва ғамхўрлик ҳамиша давом эттирилишини таъкидлади. Шу мақсадда 13 март куни “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. 

Ҳозирги кунда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг 270 нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаяпти. Энди фармонга кўра, ҳар бир оила аъзоси учун пенсия миқдори 25 фоизга оширилади. Натижада ҳар бир оила аъзоси ўртача 2 миллион сўмдан пенсия олади.

Иккинчидан, вафот этган хизматчиларнинг оила аъзоларидан ҳозирда 82 нафарининг уй-жойи йўқ, уларнинг 21 нафари ижарада ва 61 нафари қариндошиникида яшайди. Бундан буён, муҳтож оилаларга биринчи навбатда турар жой берилади ва имтиёзли ипотека кредити олиш имконияти яратилади. Оила аъзоларига ижара тўлови учун 1 миллион 800 минг сўмгача пул берилади. Бундан ташқари, ҳалок бўлган хизматчининг фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олади.

Учинчидан, оила аъзоси даромадининг солиқдан озод қилинадиган суммаси 2 баробар кўпаяди. Бу тартиб ходимнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади. Натижада марҳум хизматчининг оиласи рўзғорида ҳар ой ўртача 700 минг сўм қўшимча пул қолади.

Тўртинчидан, бундан буён ушбу тоифадаги хизматчининг оила аъзолари ҳарбий шифохоналарда бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлади ва навбатдан ташқари стационар тиббий ёрдам олади. Уларга дори-дармон ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилади, жарроҳлик харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. Хизматчининг ота-онаси, турмуш ўртоғи ҳар йили санаторийда бепул даволанади, болалари оромгоҳларда соғломлаштирилади. Уларнинг ота-онаси учун йилига икки марта темир йўл ва ҳаво транспортида юриш бепул бўлади.

Бешинчидан, ҳалок бўлган хизматчилар оиласини ҳарбийлашган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оталиққа олиш амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари томонидан оғир аҳволдаги бундай оилаларга ҳар ой 400 минг сўм миқдорида нафақа бериб борилади.

Маълумки, Ватанга қасамёд қилган хизматчи нохуш ҳолатлардан кафолатланмаган. Бундан буён, агар хизматчи ўз бурчини бажаришда ҳалок бўлган тақдирда, унинг оиласига иш ҳақини 150 баравари миқдорида бир йўла нафақа берилади. Яъни, бу нафақа ўртача 300 миллион сўмдан 500 миллион сўмга оширилади. Ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта тўлови 25 миллион сўмдан 60 миллион сўмга кўпаяди.

Давлатимиз раҳбари бундай мард инсонларни вояга етказган ота-оналари, фарзандлари доимо юртимиз ардоғида бўлиши зарурлигини таъкидлаб, “Эл-юрт фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Бу нишон гувоҳномаси Олий Бош Қўмондон томонидан имзоланади. Ушбу эътироф эгалари барча имтиёзларга эга бўлади.

Бугун дунёнинг турли нуқталарида янги таҳдид ва қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. Бундай таҳликали вазият халқимизни ҳам безовта қилиши табиийдир. Шу боис давлатимиз мустақиллигини, халқимиз тинчлигини ҳимоялашга катта аҳамият қаратилмоқда.

– Ҳарбий-жанговар ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур, – деди Президент.

Ўтган йили ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш концепцияси қабул қилинди, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракати ташкил этилди. Булар ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ватан озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган ўғлонларимиз жасорати ҳам ёш авлод учун ибрат экани, улар ҳақида  асарлар яратиш кераклигини таъкидлади.

– Эзгу мақсад йўлида бирлашган халқ ва давлатни ҳеч қандай куч енга олмайди. Илоҳим, қаҳрамон ўғлонларимизнинг охиратлари обод бўлсин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин, – деди Президентимиз сўзининг якунида.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунланди.

  • Кўрилди
    978
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+