Ўзбекистон – Қирғизистон: Сифат жиҳатдан янги стратегик ҳамкорлик даври

13.03.2021, 10:11

Ўзбекистон – Қирғизистон: Сифат жиҳатдан янги стратегик ҳамкорлик даври

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 11-12 март кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

Аввал хабар қилинганидек, ташрифнинг асосий тадбирлари 11 март куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокараларида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида кўп қиррали Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди.

Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари дўстлигининг, давлатлараро муносабатларда янги давр бошланганининг рамзи бўлди, дейиш мумкин.

Мазкур хиёбонда бошқа ҳамкор давлатлар раҳбарлари эккан дарахтлар ҳам бор.

Қирғизистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги технопаркда Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мазкур технопаркка ташриф буюрди.

Ушбу замонавий мажмуа давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қирғизистон Президентига технопаркдаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар – маиший техникалар, электрон газ ҳисоблагичлар, лифтлар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совитиш тармоқлари ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Кўргазмага 24 та тармоқ ва 14 ҳудудда ишлаб чиқарилаётган мингдан ортиқ маҳсулотлар қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда ҳам керакли салоҳият борлиги, уни юзага чиқариш учун Ўзбекистон кооперациялар ташкил этиш ва тажриба алмашишга тайёр эканини таъкидлади. Тармоқ раҳбарларига Қирғизистондаги турдош муассасалар билан яқиндан ишлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон халқи номидан Қирғизистон халқига юртимизда ишлаб чиқарилаётган тез тиббий ёрдам машиналари совға қилинди. Садир Жапаров қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, доимий кўмаги ва қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.

Мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, маҳсулотларнинг кенг ассортименти ва сифати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Олий мартабали меҳмон ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашди.

Учрашувда томонлар икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорликнинг барча даражаларида алоқаларни фаоллаштиришдан ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари раҳбарларининг ўзаро ташрифлари амалиётини давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Икки мамлакат Президентлари музокараларида эришилган келишувларни амалга ошириш хусусида сўз юритилди.

Қонун ижодкорлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Олий Мажлис Сенати ва Жогорку Кенеш шафелигида минтақалараро форумни ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Қирғизистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловни қабул қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги стратегик ҳамкорлик даражасига чиққани, дўстона ва яхши қўшничилик алоқалари жадал ривожланаётгани қайд этилди.

Икки мамлакат қонунчилик органлари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Aбдулла Aрипов билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг музокаралари якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишда икки мамлакат ҳукуматлари олдида турган муҳим вазифалар кўриб чиқилди.

Транспорт, энергетика соҳаларида Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муддати келишиб олинди.

Шу билан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди.

Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кузатиб қўйди.

М.ЭЛМУРОДОВ,

З.ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА мухбирлари

  • Кўрилди
    1176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+