Шавкат Мирзиёев: Тошкент вилоятига жуда катта марра қўйганмиз

19.03.2021, 14:51

Шавкат Мирзиёев: Тошкент вилоятига жуда катта марра қўйганмиз

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида йиғилганларни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади. Тошкент вилояти мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутишини таъкидлади.

- Тошкент вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш бўйича улкан салоҳият бор. Шунинг учун вилоятга жуда катта марра қўйганмиз. Лекин, шунга яраша натижа сезилмаяпти, ўрта бўғин раҳбарлари «аравани тортолмаяпти». Энди бизга фақат пахта, ғалла деб юраверадиган ҳокимлар керак эмас. Пахта билан ғаллани манфаат қилиши керак. Ҳоким эса ҳозирги замонга муносиб, устувор йўналишларни яхши биладиган ва жой-жойига қўядиган, вилоятдаги 2 миллион 994 минг аҳолини рози қиладиган бўлиши зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Даврон Хидоятов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Д.Хидоятов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2009 йилларда банк тизимида, 2014 йилгача автосаноат тармоғида фаолият юритган. 2014-2020 йилларда Хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Чилонзор тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Халқ депутатлари, вилоят фаоллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикрларини билдирди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Даврон Хидоятов Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

  • Кўрилди
    1178
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+