Шавкат МИРЗИЁЕВ: Меҳнатимиз, илмимиз ва ҳаракатимиз билан Андижон келажагини қурамиз

18.06.2021, 09:39

Шавкат МИРЗИЁЕВ: Меҳнатимиз, илмимиз ва ҳаракатимиз билан Андижон келажагини қурамиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, истиқболдаги режаларни белгилаш мақсадида 17 июнь куни Андижон вилоятига келди.

Избоскан туманининг Қўғай маҳалласи – энг чекка ҳудудлардан бири. Иқтисодий имкониятлар натижасида қишлоқларга ҳам саноат кириб бормоқда. Бу аҳолини иш билан таъминлашда жуда муҳим.

Яқинда ушбу маҳаллада “Соҳиб омад баракаси” кластери томонидан “And gold” тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур фабрика фаолияти билан танишди.

Қиймати 2 миллион 500 минг доллар бўлган лойиҳа доирасида янги бино қурилиб, замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхона йилига 3 миллион 500 минг дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган. Бу борадаги йиллик имконият 5 миллион доллардан зиёд. Калава ип етказиб бериш бўйича Хитой ва Россия билан шартнома тузилган.

Корхонада ҳозирча 830 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.

– Сизларга ўзимнинг ҳурматимни, муҳаббатимни билдираман. Ўзларингиз яшайдиган қишлоқда ишли бўлганларингиздан хурсандман. Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Бу ишларни яна давом эттирамиз. Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мазкур корхона тўрт ойда қуриб битказилган. Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади.

Ўз қишлоғида иш билан таъминланган хотин-қизларнинг дил изҳорини корхона ишчиси Нозима Ҳакимова Президентимизга етказди:

– Мен шу юртнинг бахтли аёлиман. Оилам тинч, фарзандларим соғ-саломат. Қишлоқда ҳамма шароитга эга корхонага ишга жойлашдим. Чекка қишлоқлар аҳолисини даромад билан таъминлаш бўйича ислоҳотларни амалга оширяпсиз. Бундан одамлар хурсанд, – деди у.

“Соҳиб омад баракаси” кластери 8 минг гектар ерда пахтачилик билан шуғулланади. Кластернинг калава ип ва мато тўқиш корхоналари бор. Келгусида Андижон туманида яна битта тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи фабрика, Шаҳрихон туманида бўяш цехини ишга тушириш режалаштирилган.

Шу ерда Андижон вилоятида саноат тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.

Давлатимиз раҳбари Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхонани кўздан кечирди.

Инновационлиги шундаки, бу жой илгари тош-шағал карьери бўлган. Ердан унумли фойдаланиш сиёсати натижасида у экинзорга айлантирилди. «Мега агро» масъулияти чекланган жамияти бу ерда Испания технологияси асосида иссиқхона барпо этди.

Бу технологияда экин полиэтилен қувурчалар орқали суғорилади. Энг муҳими, сув исроф бўлмайди, доимий айланиб туради.

Тадбиркор учун 16 гектар ер ажратилган. Шундан 6 гектарида очиқ ва ёпиқ иссиқхона ташкил этилган. Яна 2 гектарда Туркия ва Испаниядан олиб келинган замонавий ускуналар ўрнатилмоқда.

Иссиқхоналарда «Айсберг» карами, помидор, бодринг, уларнинг кўчатлари ва ҳар хил кўкатлар етиштирилади. Уларни юртимиз бозорларига етказиб бериш, шунингдек, йилига 1 миллион 500 минг долларлик экспорт қилиш режалаштирилган. Корхонада 100 та иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари Андижонда металл конструкциялар корхонаси ташкил этиб, четдан сотиб олинаётган материалларни маҳаллийлаштириш, хусусан, иссиқхона деталларини ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берди. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти вилоятда аграр соҳани инновацион ривожлантиришга акселератор бўлиши кераклиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Избоскан туманидаги “Рустамжон Замин ривожи” фермер хўжалиги даласида ғалла ҳосилини кўрди.

Хўжаликда 55 гектардан зиёд ерга буғдой экилган. Унинг ҳар гектаридан 72 центнердан зиёд ҳосил олиш кутилмоқда.  Шундан 177 тонна давлат ресурслари учун сотилади, 225 тонна ўз ихтиёрида қолади.

13 гектарда ёмғирлатиб суғориш жорий қилинган. Ғалладан бўшаган майдон такрорий экин экиш учун 200 нафар аҳолига ажратиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ғалланинг нави, ҳосилдорлиги билан қизиқди.

– Ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга чиқариш чораларини кўриш керак. Шунда фермернинг ҳам, ишчиларининг ҳам даромади ошади. Даромади кўпайса, фермер илмга эътибор беради, янгича ишлашга ўтади, қўни-қўшнисига, ёшларга фойдаси тегади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда вилоят фермерлари, ёшлар вакиллари билан мулоқот бўлди.

– Бугун Андижонга келишимдан мақсад одамлар ислоҳотларнинг фойдасини сезяптими, рўзғорида ўзгариш бўлдими, халқни рози қилиш учун яна нималар қилиш керак, деган саволларга жавоб топиш, – деди Президент. – Юриб кўряпман, албатта, ўзгариш бор. Лекин бу бизни қониқтирмайди. Янада кўпроқ ишчи жойлар, маҳаллаларда шароитлар қилишимиз керак.

Учрашувда қишлоқларда саноатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хонадонларда паррандачилик, томорқачиликни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз борди.

– Ислоҳотларнинг кучи – маҳаллада, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.

Маҳаллада 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу йил 915 ўринли умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди. Барча кўчалар обод бўляпти. Ўнлаб кичик бизнес субъектлари аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Дастур бўйича гузардаги бино қайта реконструкция қилиниб, оталар чойхонаси, озиқ-овқат дўкони, сартарошхона, “Street Workout” спорт майдончаси, "Рақамли маҳалла" IT-маркази бунёд этилди. IT-марказида болалар компьютер саводхонлиги, киберспорт, дастурлаш каби амалларни бажаришни ўрганяпти.

Одамларнинг ўзи ҳам ҳунарманд, миришкор. Жумладан, деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга 10 сотихдан ер ажратиляпти. Маҳалладаги 150 та хонадонга 50 тадан парранда берилиб, ўзини ўзи банд қилиши таъминланган.

Шавкат Мирзиёев шу ерлик Қурбонали Ўринбоев хонадонида бўлиб, яшаш шароитини кўздан кечирди. Маҳалла вакиллари билан дилдан суҳбат бўлди.

– Энди ҳар бир хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб, бизнес-режа ёзиб берилади. Давлат ташкилотлари шароит яратади. Ҳозирги замонга муносиб бўлиб, меҳнат қилмасак, ниятимизга етолмаймиз. Худонинг ўзи меҳнатга, ҳаракатга яраша ажрини беради, – деди Президент.

Нуронийлар юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб, дуо қилди.

Аҳоли зич жойлашган Андижон вилоятида уй-жой масаласи долзарб. Шу боис Президентимиз вилоятга аввалги ташрифи чоғида Андижон туманидаги адирликларда янги шаҳар қуриш ташаббусини илгари сурган эди.

Шундан сўнг, туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилиб, шу йил 12 апрель куни тақдимот қилинган эди. Давлатимиз раҳбари уй-жойларни пухта лойиҳалаштириш, ҳудудда кўпроқ боғ ва хиёбонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берганди.

17 июнь куни ушбу янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди. Унда нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

 Президентимиз бу қурилишни халқимиз бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа деб атади.

– Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилади. Президентимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади.

Янги шаҳар лойиҳаси 8 та босқичда амалга оширилади. Унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Бунда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилади.

Биринчи босқичда 3 минг 310 та квартирали 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли боғча, 200 қатновли поликлиника қурилади. Шаҳар қурилиши даврида 10 мингдан ортиқ, кейин эса саноат, савдо, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 100 мингга яқин доимий иш ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбари Андижон Заҳириддин Муҳаммад Бобур вояга етган замин экани, андижонликлар билими ва матонати билан катта ишларга қодирлигини таъкидлади.

– Бугун мана шундай улкан бунёдкорлик ишларига киришар эканмиз, аввало мард ва олижаноб халқимиз қудратига, аждодларимизнинг бой билими ва тажрибасига, меҳнаткаш, бир сўзли ва танти Андижон аҳлининг азму шижоатига суянамиз. Меҳнатимиз, илмимиз ва ҳаракатимиз билан Андижон келажагини қурамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Президентимиз янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйди.

– Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Шу кунларга етганимизга шукр. Умид қиламанки, Янги Андижон халқимиз бахтли, фаровон яшайдиган обод маскан бўлади. Бу тарихий воқеа билан, хайрли маросим билан бутун Андижон ҳалқини чин юракдан табриклайман, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Маросимда меҳнат фахрийлари, қурувчилар сўзга чиқди.

Қиёслаш учун мисол: Андижон вилояти бўйича 2016 йилгача 4 минг 846 та оила учун якка тартибдаги бир-икки қаватли уйлар қурилган. Охирги 5 йилда эса 11 минг квартирали кўп қаватли ҳамда 4 минг 400 та якка тартибдаги уйлар қурилди. Жорий йилда 6 минг 346 хонадонли 271 та кўп қаватли, шунингдек, ипотека асосида 2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар барпо этилмоқда.

Тўқимачилик саноати Андижон вилоятидаги “драйвер” соҳалардан. Бугун бу ерда 700 га яқин шундай корхоналар фаолият юритмоқда.

 Андижон шаҳридаги “Dinar group” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонаси – шулардан бири.

Умумий қиймати 10 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа учун қаровсиз бино “ноль” қийматда берилган эди. Атиги етти ойда бу ерда замонавий корхона пайдо бўлди.

 Янги корхонага Италия, Австрия ва Туркия каби давлатлардан мато бўяш ва тикув ускуналари келтириб ўрнатилди. 1000 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж ва 5 минг тонна ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ дастурига аъзо бўлиши билан бу корхона учун ҳам кенг йўл очилди. Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилмоқда. Бугунги кунда хорижий давлатлар буюртмалари асосида 50 дан ортиқ турдаги ярим тайёр ва 100 хилдан ортиқ тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик экспортни 40 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Бўш турган иншоотлардан самарали фойдаланишга қаратилган иқтисодий сиёсат натижасига Андижон шаҳридаги “Diromm” фабрикаси ҳам мисол бўла олади. Унинг биноси 1980 йилларда қурилган, узоқ вақт ишламасдан, ташландиқ ҳолга келиб қолганди.

“Бобур ХБК” масъулияти чекланган жамияти томонидан 33 миллион 500 минг доллар миқдорида инвестиция киритилгач, бино қиёфаси тамоман ўзгарди. У мукаммал таъмирланиб, Франция, Германия, Италия, Япония ва Туркиянинг замонавий технологиялари ўрнатилди. Ҳозир бу ерда 1 минг 500 киши меҳнат қилмоқда. Тўлиқ қувватда 2 минг 700 та доимий иш ўрни бўлади.

Бугунги кунда корхонада 200 турдаги жинси маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Матони бўяшдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараён замонавий технологиялар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Бу фабрикада ҳам маҳсулотлар тўлиқ экспорт қилинади. Мўлжал – йилига 25 миллион долларлик маҳсулотни хорижга етказиб бериш.

Президентимиз янги корхоналардаги иш жараёнини, маҳсулот намуналарини кўздан кечирди. Мутасаддиларга корхоналар фаолиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Бош жоме масжидини бориб кўрди.

Бу жойда илк масжид 1870 йилда тикланган. Ҳозирги масжид қурилиши 2018 йилда бошланиб, шу йил май ойида якунланди.

Янги бино қадимий чор айвон ва чор дарвоза услубида барпо этилган. Унинг икки четида баландлиги 54 метрлик миноралар, асосий бинонинг тепа қисмида диаметри 18 метрли гумбаз қурилган.

Илгари масжид сиғими 5 минг кишини ташкил қилган бўлса, энди бино 15 мингдан ортиқ намозхонни ўз ичига сиғдира олади.

Қуръон оятларидан тиловат этилиб, дуо қилинди.

 – Бу даргоҳни барпо этишга ҳисса қўшган муҳандислар, қурувчи ва безакчилар, ҳомийларга миннатдорчилик билдираман. Масжид Андижон халқига муборак бўлсин, узоқ йиллар халқимизга хизмат қилсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда уламо ва имом-хатиблар билан мулоқот бўлди.

– Ҳамма жойларда муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш, янги масжид ва маърифат марказлари қуришга эътибор қаратяпмиз. Бундай хайрли ишларни давом эттирамиз. Мўмин-мусулмонлар бу ерга келиб, ибодатларни эмин-эркин бажариб, шукроналик билан халқимизни дуолар қилса, нур устига нур, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари

  • Кўрилди
    506
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+