Ўзбекистон қонунчилигида 1 июлдан нималар ўзгаради?

28.06.2021, 11:08

Ўзбекистон қонунчилигида 1 июлдан нималар ўзгаради?

Ўзбекистон қонунчилигида 1 июлдан бир қанча ўзгаришлар кузатилади. Хусусан, пенсия ва нафақалар оширилади, 24 та туман ва шаҳар қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади, олис ва чекка ҳудудлардаги боғчалар ва паррандачиларга субсидия берилади. Қуйида қонунчиликда кузатиладиган ўзгаришлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

2021 йил 1 июлдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тўлиқлигича тақдим этамиз.

1. Пенсия ва нафақалар оширилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, 2021 йил 1 июлдан:

- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.

Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 минг сўмга етказилади;

- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг 030 сўмдан 400 минг сўмга етказилади.

Боқувчисини йўқотганлик:

- пенсия олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади;

- пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;

- нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўмдан қўшилади;

- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилади.

2. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган боғчаларга субсидиялар тўланади

Президентнинг “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра, 2021 йил 1 июлдан:

- болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлган 53 та туманда 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 фоизлик ставкада кредитлар ажратилади.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги тегишли нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига:

- ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўланади;

- «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ёки «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида субсидия тўланади;

- давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсациялар тўланади.

3. Давлат органларида хизмат автотранспортлари давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади

1 июлдан бошлаб давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади.

 4.Онкологик ва гематологик беморларнинг вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига келиш харажатлари қоплаб берилади

Президентнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига кўра, 2021 йил 1 июлдан:

- гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар тўлиқ қоплаб берилади;

- беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади;

- онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади. 

5. Мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан келган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилиб берилади

Қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига (data.gov.uz), давлат органлари ва ташкилотлари веб-сайтларига жойлаштирилиб, ҳар чоракда янгилаб борилади:

- амалга оширилган давлат харидлари;

- мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;

- Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар;

- ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси.

6. Нодавлат таълим ташкилотлари давлат томонидан қўллаб-қувватланади

«Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

- ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно);

- таълим жараёни натижасида олинган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни ( шва хизматларни) таълим ташкилотлари учун назарда тутилган имтиёзлар (ҚҚС ва фойда солиғи бўйича) татбиқ этилган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, дарсдан бўш вақтларда, шу жумладан ёзги таътил вақтида қуйидаги давлат мулки объектлари нодавлат таълим ташкилотларига ижарага берилади:

- мактабдан ташқари таълим курсларини, шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун давлат умумий ўрта ва ОТМ бўш майдонлари;

- аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун қишлоқ жойларда жойлашган давлат умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларидаги компьютер синфлари.

7. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилинади

2021 йил 1 июлдан:

- барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишлари «E-qaror» электрон тизими орқали амалга оширилади;

- ушбу электрон тизимни четлаб ўтган ҳолда қарор ва фармойишларни қабул қилишга йўл қўйилмайди;

- қарорларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш электрон тизим орқали амалга оширилади.

8. Паррандачиларга субсидия ва солиқ имтиёзлари берилади

2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

9. 24 та туман (шаҳар) қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади

“Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармонига кўра, 2021 йил 1 июлдан тегишли материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:

- инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар;

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар ажратилади:

- миллий валютадаги кредитлар бўйича — Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;

- чет эл валютасидаги кредитлар бўйича — тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;

- синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар.

Фармонга кўра, шунингдек:

24 та туман (шаҳар) қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда «кичик саноат зоналари» ташкил этилади.

10. Бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилади

2021 йил 1 июлдан нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади:

- махсус автотранспортда ташкил этиладиган «мобил тиббиёт» хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

- нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт"ларини ташкил этиш.

2021 йил 1 ноябргача бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилади.

11. Ифлослантирувчи моддаларни атроф муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш учун компенсация тўловлари миқдори кўпайтирилади

2021 йил 15 июлдан:

- ифлослантирувчи моддаларни атроф муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш массаси тасдиқланган экологик нормативлардан 1 баравардан 5 бараваргача ёки ундан ортиқ (кам) бўлганда компенсация тўловчи субъектлар мос равишда 1 баравардан 20 бараваргача кўпайтирилган (камайтирилган) миқдорда компенсация тўловларини тўлайдилар;

- экологик нормативларда тасдиқланмаган ёки уларнинг амал қилиш муддати тугаган бўлса, атроф муҳитга юқори (I тоифа) ва ўртача (II тоифа) даражада хавфли таъсир кўрсатадиган компенсация тўловчи субъектлар ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш, чиқиндиларни жойлаштиришнинг амалдаги массасига нисбатан 20 баравар, шунингдек, паст (III тоифа) ва маҳаллий (IV тоифа) даражада таъсир кўрсатувчи компенсация тўловчи субъектлар 10 баравар кўпайтирилган миқдорда компенсация тўловларини тўлайдилар;

- ифлослантирувчи моддаларни бирваракайига ташлаганлик ва оқизганлик учун компенсация тўловлари ҳар бир модда бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар кўпайтирилган миқдорда тўланади.

12. Божхона назоратини олиб боришда янги тартиблар жорий этилади

2021 йил 1 июлдан божхона назоратини олиб боришнинг қуйидаги тартиби белгиланади:

- «Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари» синов тариқасида ташкил этилади;

- божхона расмийлаштируви жараёнларини масофавий бошқариш, инсон аралашуви кескин қисқартирилади;

- чегараларда ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан текшириш, тўловлар ундириш жараёни онлайн амалга оширилади.

13. ЖШШИР шахсни тасдиқловчи ягона идентификатор деб ҳисобланиши белгиланди

2021 йил 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор деб ҳисобланиши белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритишга йўл қўйилмайди.

14. Маҳкумларни сақлаш ҳолати устидан назорат олиб бориш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади

2021 йил 1 июлдан шахсларни профилактик ҳисобга олишнинг электрон тизими жорий этилади.

«Хавфсиз таълим муассасаси» тамойили асосида туман, шаҳар ички ишлар органлари таркибида 2 000 та штат бирликларидан иборат вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари жорий этилади ҳамда улар бевосита умумий ўрта таълим муассасаларида хизмат ўтайди.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан:

Ҳар бир кўп квартирали уй-жой учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилиши шарт.

Иш стажи 5 йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.

Давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир маротаба ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.

Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, ОТМдаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади.

Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилади.

Янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 та кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий ҳисобланади.

Ўрта тиббиёт мутахассисларига «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланишга рухсат берилади.

Қўриқлаш бош бошқармаси ходимларига ҳар ойда уларнинг лавозим маошига 20 фоиз миқдорда ойлик устама белгиланади.

  • Кўрилди
    638
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+